1910 йилдаги Кисва, Усмонийлар Империяси

Кисва (арабча: كسوة‎‎) Каъба деворларини ёпиб турадиган чойшаб. Пахта аралашган саккиз бўлак қора шойи матодан тикилади. Деворнинг юқори қисми учдан бир бўлагани ёпиб турувчи Кисва парчасига Қуръони каримнинг: „Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй - Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадурки...“ деган ояти (3:96) зарҳал ёзувда битилган. Шунингдек, Кисвага Қуръоннинг яна бошқа сура ва оятлари ёзилади. Каъбага кириладиган эшик махсус зарҳал билан қогшанган бўлиб, унга ҳам Қуръон оятлари битилган. Муҳаммад (сав) ҳаётликларида Кисва Яманда тайёрланарди. Халифа Умар замонига келиб Кисва Мисрда тўқиладиган бўлди. Халифа Маʻмун (813-833) даврида Кисва ҳар йили уч марта янгилаб турилган. Халифа Мутаваккил (847-861), эса ҳар икки ойда Каъбатуллоҳга янги Кисва юборган. Халифа Умар бошлаб берган анъана давом эттирилиб, Кисва 1924-йилгача Мисрда тайёрланди. Ҳар йили янги Кисва ҳаж сафарига чиққан мисрлик зиёратчилар билан бирга Маккага келтириларди. Аввалги Кисва девордан олиниб, Каъба хазинабонлари ва Макка шарифи ихтиёрига топшириларди. 1443-1452 йиллари Шоҳруҳ Мирзо Миср Кисваси билан бирга Мовароуннаҳрда тайёрланган махсус Каъбапўш ёпилиб туришига эришган. 1925-йил қирол Абдул Азиз Маккада ихтисослашган фабрика очиб, унда қора рангли табиий шойидан Кисва тиктирди. Шундан бошлаб Каъба Кисваси фақат Саудия Арабистонида тайёрланади. Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдулазиз ас-Сауд Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга туҳфа қилган Кисва - Каъбапўш парчаси ҳозир Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида масжид деворига осиб қўйилган.


Манбалар