„Китоб ал-асрор“— Розийнинг ўрта аср кимё фанида яратган машҳур асари. Ушбу асар Шарқшунослик институтининг кимёга оид фондининг энг нодир қўлёзмаларидандир. „Китоб ал-асрор“ ҳозирда Шарқшунослик институтининг 3758 рақамли тўпламида сақланади.

Китоб ал-асрор
Муаллиф(лар) Розий
Тил арабча
Жанр(лар)и Кимёга оид

Асар насх хати билан 912/1506 йилда кўчирилган; у Розий дастхатидан қилинган иккинчи нусха бўлиб, яхши сақланган. Бу китобни Розий бухоролик шогирди Муҳаммад ибн Юнусга бағишлаган. „Китоб ал-асрор“да Розийнинг кимё бўйича эришган назарий ва амалий ютуқларининг энг сараси жамланган. Бу китобда Розий кимё тарихида биринчи бўлиб эндиликда ҳаммага яхши таниш бўлган моддалар классификациясини (маъдан,ўсимлик ва ҳайвонотга оид) беради, шунингдек, кимёвий асбоблар ва амалларга тегишли бўлган жуда кўп фактик маълумотларни ҳам тартибга келтирган. „Китоб сирр ал-асрор“ ҳам ўша давр кимёгарларининг китобларидан мазмун жиҳатдан фарқ қилади. Унда Розий ўз тажриба ва кузатишларининг натижаларини содда ва равон тилда баён этади. Асарда ўша давр учун янги бўлган кимёвий реаксияларни тезлатиш фикри олға сурилган ва кимё тарихида биринчи мартта реаксияга киришган моддаларни дастлабки ҳолатига қайтариш (қайтарилувчи реаксиялар) ҳақида гапирилган. „Китоб сирр ал-асрор“ яқин йилларгача ҳам фан учун номаълум эди. Унинг қўлёзма нусхасини 1950-йилда Шарқшунослик институтининг илмий ходими У.И.Каримов институт фондидан топди, 1957-йилда русча изоҳли таржимасини кенг тадқиқот қисми ва арабча матнининг факсимилеси билан биргаликда бостирди. Бу нашр немис олими Й.Русканинг „китоб ал-асрор“ ва „Китоб сирр ал-асрор“ бир асар, деган фикрининг хато эканлигини исботлади. „Китоб ал-асрор“га келсак,, унинг арабча асл нусхаси ХИХ асрнинг бошларидаёқ маълум эди. Бу Лейпсигда топилган қўлёзма нусха бўлиб, немис олими Флейшер томонидан тавсифланган. 1905-йилда А.И.Степлтон Ҳиндистонда „Китоб ал-асрор“нинг бошқа бир нуқсонли нусхасини топади ва Лейпсигдаги нусха билан қизиқиб қолади, чунки у кейинчалик бу асарнинг тўлиқ матнини инглизча таржимаси билан бостириш ниятида эди. Лекин Степлтон бу режасини амалга ошира олмади. У 1925-йилда Лакнавда „Китоб ал-асрор“нинг яна бир нусхасини топади ва ундан фойдаланган ҳолда 1927-йили шу асарнинг фақат биринчи ва иккинчи қисмларининг инглизча таржимасини нашр қилади. Ўша вақтда „Китоб ал-асрор“нинг Лейпсиг ва Ҳиндистондаги нусхаларидан ташқари яна икки нусхаси— Испаниядаги ва Геттинген университети кутубхонасидаги қўлёзмалари маълум эди. Ана шу тўрт нусха асосида Й. Руска 1937-йилда „Китоб ал-асрор“нинг немисча таржимасини каттагина кириш қисми билан нашр этди. Кейинроқ эронлик олим Ҳасан Али Шайбоний Розийнинг „Китоб ал-асрор“ини форс тилига таржима қилб, 1971-йилда Теҳронда нашрдан чиқаради. [1]

  1. ↑ С.У.Каримова. Шарқшунослик институти фондидаги кимёга оид қо'лёзма асарлар. Тошкент: О'збекистон ССР "Фан" нашрёти, 1990 — 88-91-бет.