Klimaks

Климакс (юнонча "климактер" — зинапоя), климактерия даври — жинсий фаолиятнинг сусайиб, кексая бориш даврига ўтиш палласи. Аёлларда ҳам, эркакларда ҳам кузатилади. Климакснинг юзага келиши жинсий безлар фаолиятининг сусайиши билан бирга организмда вақтинча рўй берадиган ўзгаришларга асосланган. Климаксда аёлларнинг ҳайз кўриши ўзгаради; гипоталамус — гипофиз — тухумдонларда функсионал ўзгаришлар вужудга келади. Ҳайз қони тўхтаб-тўхтаб келади, баъзан кўп ва узоқ кетиб, ниҳоят бутунлай тўхтайди (менопауза). Юрак-томир ва нерв системасининг функсияси бузилади: бошига қон кўп келиб, юзи қизаради, бадани аввал қизиб, кейин жунжийди ва совуқ тер босади, ҳаллослайди, қулоғи шанғиллайди; аёл салга қўзғалувчан ёки маъюс бўлади, хотираси пасаяди, сабабсиз бетоқат бўлади, боши оғрийди, уйқуси бўзилади ва ҳоказо.
Баъзан юраги ўйнайди, юрак соҳасида оғриқ сезилади. Климаксда пайдо бўладиган аломатлар организмнинг умумий ҳолатига боғлиқ. Кўпчилик аёлларда сезиларсиз ўтиши, бу уларнинг умумий аҳволига таъсир этмаслиги ҳам мумкин. Климакс даври оғирроқ кечганида қалқонсимон без фаолияти (юрак ўйнаши, қўл қалтираши) ва моддалар алмашинувининг бузилиши (аёл семириб ёки жуда озиб кетади), руҳий изтироб, хаяжонланиш, невроз, психопатия ва бошқа ҳолатлар кузатилади.
Климакс, одатда, 45-50 ёшларда бошланади, у одатдагидан эртароқ (40 ёшгача — эрта климакс) ёки кечроқ (55 дан кейин — кечиккан климакс) рўй бериши ҳам мумкин. Бу меҳнат, турмуш тарзи, иқлим шароити ҳамда ирсий хусусиятларга, шунингдек, аёлнинг етуклик даври қандай ўтганлигига (аборт, туғиш, жинсий ҳаёти ва бошқалар) боғлиқ. Климакс даврини ўтказаётган аёл баъзан бўйида бўлиб туғиши ҳам мумкин. Эркақларда климакс бир қадар кечроқ — 60 ёшларда кузатилади; нейро-гуморал ўзгаришлар, юрак соҳасида оғриқ, хотира ва иш қобилиятининг пасайиши, уйқусизлик ва бошқа нохуш аломатлар пайдо бўлади. Климакс, эркак ё аёл организмида кечишидан қатъий назар, унга хос дастлабки аломатлар пайдо бўлиши билан врачга учрашиш ва тегишли маслаҳатлар олиш зарур.
Давоси
Меҳнат ва дам олишни тўғри йўлга қўйиш, мириқиб ухлаш, сув муолажалари, бадан тарбия; дори-дармонлар — гормонлар, витаминлар ва бошқа буюрилади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |