Koala
Коала, халтали айиқ (Пҳасcоларcтос cинереус) — халтали сутемизувчилар кенжа синфига мансуб ҳайвон. Танасининг узунлиги 0,6м гачача, қулоғи катта. Оёғи 5 бармоқли, тирноғи бақувват, дарахтда юришга мослашган, думсиз. Кўриниши айиққа ўхшаш. Мўйнаси узун ва юмшоқ, елкаси кулранг, қорни оқ. Шарқий Австралия ўрмонларида яшайди. Тунда фаол. Барг ва куртаклар билан озиқланади. Оғиз бўшлиғида озиқ сақловчи қопчиғи бўлади. Икки йилда бир марта туғади, бўғозлик даври 30—35 кун. Боласини халтасида олиб юради, каттароқ бўлганида опичиб олади; 12—20 йил яшайди. Мўйнаси учун кўплаб овланганидан сони камайиб кетган. Овлаш тақиқланган.[1]
Коала ташқи кўринишидан айиққа ўхшаганлиги сабабли уни „Халтали ҳайвон“ деб ҳам аташади. Жун қопламаси қалин ва юмшоқ, ранги кулранг. Халтаси яхши ривожланган ва орқа томондан очилади.Коала дарахтда яшаш учун мослашган. Унинг олд оёғининг биринчи ва иккинчи бармоғи ва орқа оёғининг биринчи бармоғи бошқа бармоқларига қарама — қарши тартибда жойлашган. Шарқий Австралиянинг эвкалипт ўрмонларида яшайди. Эвкалиптнинг баргли шохлари билан озиқланади. Тунги ҳаётга мослашган. Якка ёки унча катта бўлмаган гуруҳ ҳолида ҳаёт кечиришади. Гуруҳга вояга етган эркак Коала бошчилик қилади. Кўпайиш даври сентябрдан майгача давом этади. Ҳомиладорлик даври 30 суткалар атрофида давом этади. Янги туғилган Коала боласини пайқаш қийин : улар атиги икки сантиметрча келади. Бундай митти жонзотлар мустақил ҳаракат қилишга қодир бўлмайди ва маълум вақт махсус халтада — худди кенгуруда бўлгани каби, урғочи Коала айиғи қорнидаги чуқур тахлама тери халтачада саёҳат қилиб ўсади. Битта гўдак Коала халтада 6 ойгача яшаши мумкин. Бу даврда агар яна бир Коалача дунёга келса халтада икковлашиб яшайверадилар. Айиқча онасининг халтасига сиғмай қолган чоғда ҳам онасидан ажрагиси келмайди. Саккиз ойлик бўлганда у онасини опичиб олади ва шу йўсинда онаси орқасида саёҳатини давом эттиради. Она коала ўз боласини яна икки ярим йил, айиқча мустақил яшашга қодир бўлгунча кўтариб юради. Коала бир вақтлар жуни учун овланган. Аммо, уларнинг сони ниҳоятда камайиб кетгани учун овлаш таъқиқлаб қўйилган. Натижада, Коалалар сони яна кўпая бошлади. Баъзи зоологлар Коалаларни алоҳида оилага ажратадилар. Коалалар бир мунча бесўнақай ва ниҳоятда хушфеъл жонивордир. Улар фақат Австралияда яшайди ва уларни дунёнинг бирорта ҳам ҳайвонот боғида учратиб бўлмайди. Сабаби шундаки, бу халтали айиқлар озиқланиш борасида жуда танловчан бўлади. Улар фақат эвкалипт баргларини ейди ва бунда ҳам дуч келганини эмас, йилнинг турли фаслларида коала турли эвкалиптлар баргларини ейди, маълумки, бу дарахтлар ҳам фақат Австралияда ўсади. Коала сўзи маҳаллий қабилалардан бирининг тилида — „ичмайди“ деган маънони билдиради. Бу ҳайвон ҳақиқатдан ҳам сув ичмайди. Эвкалипт барглари таркибидаги сув унинг учун кифоя.
Коаланинг бўйи ярим метрдан, оғирлиги 10 кг дан ошмайди. У дархтлар устида жуда секин, худди ярим уйқуда карахт бўлиб қолгандек ҳаракатланади; одатда, бир дархтнинг барглари тамом бўлгунича шу дархтда яшайди, тахминан бир ойдан кейингина иккинчи дархтга ўтади. Коаланинг янги туғилган боласи ҳам жуда кичкина — атиги 2-4 см катталигида бўлиб, 5-6 ойгача онасининг халтасида яшайди, шу давр ичида унинг бўйи 17-18 см га етиб қолади. Кейин она чақалоғини 5-6 ой опичиб юради. Бир ёшга тўлгач, коала мустақил ҳаёт кечира бошлайди.
Австралиядаги махсус жойларда боқиладиган коалалар одамга ўрганиб қолишади. Ёввойи коала ҳам одамдан ҳайиқмайди. Шовқин-суронни писанд қилмайди, бепарво ухлайверади. Коала жароҳатланса, бошқа ҳайвонлардек дарғазаб бўлмайди, қўллари билан кўзини беркитиб йиғлай бошлайди. Австралияликлар коалага ҳаддан ташқари меҳрибон. Аммо коалалар қирилиб, жуда камайиб қолган.
Манбалар
Адабиётлар
- Рафиқов, Ваҳоб — Қизиқарли география, 2010.
- Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, Тошкент, 2000.