Кокслаш — қазиб олинадиган ёқилғилар (тошкўмир ва нефтни қайта ишлашдан қолган оғир маҳсулотлар)ни ҳавосиз муҳитда печда 950—1050° температурагача қиздириб кокс ва кимёвий хомашё ҳисобланган қўшимча суюқ маҳсулотлар олиш учун кимёвий қайта ишлаш. Даврий ва узлуксиз турлари бор. Даврий К. кенг тарқалган. Тошкўмирдан кокс олиш учун дастлабки хомашё сифатида бойитилган, майдаланган ва бир-бирига аралаштирилган кўмирдан фойдаланилади. Кўмир 250° температурагача қиздирилганда ундаги нам буғланади, газсимон маҳсулотлар (углерод оксидлари) ажралиб чиқади, 300—450° температурагача қиздирилганда қатронсимон модда ажралиб чиқади, кўмир юмшоқ масса ҳолига келади. Бу масса 500—550° температурада қаттиқлашади ва ғовак маҳсулот — чала кокс ҳосил бўлади, 750° температурагача қиздирилганда чала кокс зичлашади (ундан, асосан, водород ажралиб чиқади) ва ёрилади, 750° дан юқори температурада чала кокс коксга айланади. К. жараёни 13-18 соат давом этади. К. жараёнида коксдан ташқари кокс гази ва синтетик материаллар, лок-бўёқ ва бошқа материаллар, кимёвий маҳсулотлар (тошкўмир қатрони, бензол ва бошқалар) олинади (қаранг Кокс кимё’си). Нефтни қайта ишлашдан ҳосил бўлган оғир маҳсулотларни К.да металл кублар ёки махсус печларда кокслаб нефт кокслари олинади. Электродли куйдирилган кокс куйдирилган тошкўмирни (тошкўмир қатронини ҳайдашдан крлган қолдиқни) ичига динас ғишти терилган печларда К. йўли билан олинади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил