Komi

Коми, Коми Республикаси — Россия Федерацияси таркибидаги республика. Россиянинг Европа қисми шимоли-шарқида жойлашган. Майдони 415,9 минг км². Аҳолиси 1135,5 минг киши (2000). К.да 12 туман, 8 шаҳар, 40 ша-ҳарча бор. Пойтахти — Сиктивкар шаҳри
Давлат тузуми. К. — республика. Давлат бошлиғи — Республика бошлиғи ҳукуматга бошчилик қилади. Қонун чиқарувчи орган — Давлат кенгаши (парламент). Ижроия ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.
Табиати. К. ҳудуди жан.-шаркдан шим.-ғарбга кўтарилиб боради. Шарқида Шим., Қутбий, Қутб олди ва Урал тоғлари бор. К.нинг шарқий чегараси шу тоғларнинг сувайирғичи бўйлаб ўтади. К.нинг ва Уралнинг энг баланд чўққиси — Народа тоғи (1895 м). Тиман қатор тепалари билан Урал тоғи орасида Печора пасттекислиги жойлашган.
К.да тошкўмир, нефт, табиий газ, асфалтит, титан рудаси, боксит, тош тўз, калий тузи, гипс, оҳактош, қурилиш материаллари кўп. Айниқса, ёқилғиэнергетика ресурсларининг аҳамияти катта.
Иқлими республиканинг кўп қисмида мўтадил континентал; қиши узоқ, совуқ; ёзи қисқа, илиқ. Совуқ жан.-ғарбдан шим.-шарққа томон кучайиб боради, январ
нинг ўртача температураси — 17° дан —20° гача, июлники 1 Г дан 15°гача. Республика ҳудудининг 13% (шим., шим.-шарқи) кўп йиллар давомида музлаб ётади.
Республиканинг кўп қисмида йиллик ёғин 600–700 мм, Урал тоғларида 1500 мм гача. Йирик дарёлари: Печора, Вичегда, Мезен. Печоранинг 1500 км қисмида кема қатнайди. Вичегда (Шим. Двина ирмоғи) — К.нинг муҳим сув йўли. Йирик кўллари — Ямозеро ва Синдор. Тупроғи подзол, шим. қисмида эса тундра тоифали. Ҳудудининг 12— 15% ботқоқлик, 2% чўкинди тупроқли, кўп қисми тайга. 28,7 млн. гектар ўрмон бор, асосан, қорақарағай, қарағай, кедр, оққарағай, тилоғоч ва бошқа ўсади. Қимматбаҳо мўйнали ҳайвонлардан қутб тулкиси, сувсар, тийин, тулки, қуён; қушлардан қур, карқур, ўрдак, булдуруқ ва қутб кақлиги овланади. Лосос зот балиқлар (сёмга ва бошқалар) кўп. Юқори Печора ҳавзасида Печора-Илич қўриқхонаси ва „Югид Ва“ миллий боғи бор.
Аҳолиси. Туб аҳолиси — комилар, шунингдек, руслар, украинлар, белоруслар, татарлар ва бошқа яшайди. Аҳолининг 75% шаҳарларда истиқомат қилади. Расмий тили — коми ва рус тиллари. Диндорлар, асосан, христианлар. Йирик шаҳарлари: Сективкар, Воркута, Ухт а, Инта, Печора, Сосногорск.
Тарихи. К. ҳудудида аҳоли юқори палеолит давридан яшаб келган ва асосан, овчилик билан шуғулланган. Мезолит ва неолит даврларида Вичегда ва Печора ҳавзасига жан.дан келган қаби-лалар жойлашиб борган. 2-минг йилликнинг бошида ҳозирги коми (зирян) халқи авлодларининг қабилавий бирликлари шаклланди. 11 —ХИВ асрларга оид манбаларда вичегдалик пермлар номи эслатиб ўтилади. Улар ўрта ва қуйи Вичегда ҳавзасида яшаб, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Ўтроқ ҳаёт бошланиб, ҳунар марказлари вужудга келган. Вичегдалик пермлар 12— ХИВ асрлар давомида Новгородга хирож тўлаб турди. ХИВ асрда Москва князлигининг таъсири кучайди. ХИВ аср охиридан аҳоли христиан динига ўта бошлади. 1478-йил Коми ўлкаси расмий равишда Рус давлати таркибига қўшиб олинди. 15— ХВИИИ асрларда муҳим савдо йўллари (Вятка-Кама ҳавзаси — Архангелск ва Великий Устюг — Сибир) Коми ўлкаси орқали ўтарди. ХВИИИ асрда бир неча савдо маркази пайдо бўлди. Чўян қуйиш заводлари, нефт ҳайдаш корхоналари ва ҳоказо қурилди. Коми халқи таркиб топди. ХИХ асрнинг 1-ярмида деҳқонлар Россия давлати ва маҳаллий эксплуататорлар зулмига қарши оммавий исён кўтарди. 1918-йил январ—март ойларида К.да шўро ҳокимияти эълон қилинди. 1921-йил августда РСФСР таркибида К. (Зирян) мухтор вилояти тузилди, у 1936-йилда К. мухтор республикасига айлантирилди. 1990-йил суверенитет ҳақидаги Декларацияга мувофиқ, 1992-йилда К. Республикаси мақомини олди.
Хўжалигида оғир саноат тармоқларининг улуши катта: электроэнергетика, кўмир, нефт, газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш, ўрмон саноати етакчи ўринда. Энергетика-сини бир қанча иссиқлик электр стансиялари ва Печора ГРЕС ташкил этади. Йилига ўртача 10,1 млрд. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади. Ёғоч, асосан, Вичегда, Печора ва Мезен ҳавзаларида тайёрланади. Ёғочсозлик, мебел, селлюлозақоғоз саноати барпо этилган. Тиман-Печора нефт-газ конлари негизида нефт ва газни қайта ишлаш саноати ривож топган. Машинасозлик ва металлсозлик корхоналари Сективкар, Ухт а, Нювчим, Инта, Шеляюрда жойлашган. Қурилиш ашёлари кони (ғишт, семент, оҳак, темир-бетон конструксиялар) ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Енгил саноат корхоналари кўн-поябзал комбинати, тикувчилик фабрикалари ва бошқалардан, озиқ-овқат саноати сут заводлари, гўшт комбинатлари, тўз олиш заводи, ун комбинати, қандолат ва макарон ф-кларидан иборат. Асосий саноат марказлари: Сективкар, Ухт а, Воркута, Инта, Печора.
К-х. сут чорвачилигига ихтисослашган. Қорамол, чўчқа, қўй ва эчки, парранда, шим.да буғу боқилади. К.нинг жан.ғарбида деҳқончилик билан шуғулланилади. Озуқабоп экинлар, картошка, сабзавот, ғалла (жавдар, арпа, сули) экилади. Қишлоқ хўжалиги аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди.
Республикада темир йўл (3,1 минг км) ва автомобил йўли (15,3 минг км) асосий транспорот туридир. Микун— Ухт а—Воркута темир йўл, Вуктил—Ухт а-Торжок газ қувури, Усинск—Ухт а-Ярославл нефт қувури ўтказилган. Асосий автомобил йўллари: Сективкар—Емва—Ухт а, Уст-Вим—Яренск, Айкино—Микун, Ухт а—Вуктил, Сективкар—Уст-Кулом, Уст-Сисолск— Троицко-Печорск. Юк ташишда сув транспорти, йўловчи ташишда ҳаво транспорти муҳим рол ўйнайди. Сективкар, Ухт а, Печора, Воркутада аэропортлар бор.
Тиббий хизмат. К.да аҳолига 5 мингга яқин врач, 12 мингдан кўпроқ ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. 200 дан кўпроқ амбулатория-поликлиника, 29 санитария-эпидемиология стансияси, 500 га яқин фелдшерлик-акушерлик муассасаси, Серёгово балнеология курорти, санаторийлар бор.
Маорифи, маданий-маърифий ва илмий муассасалари. К.даги 592 кундузги умумий таълим мактабида 196 минг, 20 ўрта махсус ўқув юртида 15 минг ўқувчи, 3 олий ўқув юрти (Сективкар университети, педагогика институти, Ухтадаги индустриал институт)да 11 мингга яқин талаба таълим олади. К.да Россия Фанлар академияси Урал бўли-мининг К. илмий маркази, Печора кўмир илмий тадқиқот институти, К. тиббиёт институти, қишлоқ хўжалиги тажриба стансияси ва бошқа илмий муассаса ҳамда лойиҳаконструкторлик ташкилотлари мавжуд. К.да маданият уйлари, оммавий кутубхоналар, 4 театр, 5 музей, спорт мактаблари бор. Республика радио ва телевидениеси, Сективкар, Воркута ва Ухтада телемарказлар ишлайди.
Адабиёти. Қад. халқ ижодиёти: қўшиқ, эртак, афсона, ривоятларда комилар турмуши ва қалби ифодаланган. К. ёзма адабиётига шоир И.А.Куратов (1839—75) асос солган. У ўз шеърларида халқнинг оғир чаёти ва орзу-умидларини акс эттирган. 20-йилларда поэзия ва драматургия етакчи жанрларга айланди. А.В.Савин, М.Н.Лебедев, В.И.Литкин, В.Т.Чисталев ва бошқа ёзувчилар халқ оғзаки ижоди ва рус адабиёти анъаналарига таяниб ижод қилди. Шоирлар халқ жасорати ва она юрт табиатини куйлади. 20-йилларнинг 2-ярмида проза етакчи жанр бўлиб қолди. 30-йилларда К. адабиёти янада равнақ топди. Йирик насрий асарлар — қисса ва романлар (Г.А.Фёдоровнинг „Қишлоқ тонги“, И.В.Изъюровнинг „Тимка бригадаси“ ва бошқалар) пайдо бўлди. К. ёзувчиларининг кўпи Иккинчи жаҳон урушида қатнашди. С.А.Попов, И.М.Вавилин, Н.М.Дяконов каби ёш ёзувчлар жангчилар жасоратини ва фронт орқасидаги меҳнатни улуғлаган асарлар яратди. Кейинги йилларда халқнинг ўтмиш ва замонавий ҳаётини акс эттирувчи „Тундра чироқлари“ (В.В.Юхнин), „Икки дуст“ (Я.М.Рочев), „Тонгда“ (Г.А.Фёдоров) ва бошқа романлар яратилди.
Меъморлиги ва тасвирий санъати. Республика ҳудудида мезолит даврига оид геометрик нақшли ёғоч ва тош асбоблар, турли расмларга бой шиша идишлар, суяк буюмлар топилган. Республиканинг ўрмонга бойлиги ёғоч меъморлигининг ривожланишига имкон берди. Ибодатхоналар ёғоч ва тошдан ишланган (ХВИИИ аср). Сусол ва вим услубидаги уйлар гўзал ва ифодали. ХИХ асрда 1—2 қаватли, баланд пойдеворли серқашам ва ёғоч уйлар қўпроқ қурилган. Томи икки томонга нишаб қилинган. Деразалари оққа бўялган, устки тахтаси ҳашамдор қилиб ясалган. ХХ асрда Сективкарда қурилиш ишлари авж олдирилди. Воркута (1943), Ухт а (1943), Печора (1949) ва бошқа шаҳарлар барпо этилди, 5—9 қаватли ғиштин ва йирик панелли уйлар, кўплаб жамоат бинолари ва бошқа қурилди.
К. халқ санъати, асосан, кийим ва рўзғор буюмларини тайёрлашдан бошланган. Ҳар бир жойнинг севимли ранглари бор: жан.да аёл бош кийимлари ва кўйлаклари жуда майда зич каштали қилиб, кўпинча, қизил ва қора рангда тикилади. Шимолида мўйнали кийимлар, кўлқоплар, сумкалар қизил, кўк, яшил рангдаги мовут парчалари билан „мозаика“ усулида безатилади. Қайин пўстлоғидан турли буюмлар тўқиш кенг расм бўлган. Профессионал тасвирий санъати ХХ асрнинг 20-йилларида пайдо бўлди. В.В.Поляков асос солган китоб графикаси, плакат ва газ. сураткашлиги М.П. Безносов, В.П. Малахов, В.А. Баусовлар томонидан ривожлан-тирилди. 40-йилларда тарихий мавзуда манзара ва расм чизиш (В.Г.Постников), портретлар яратиш (М.П.Безносов) авж олди. 40—50 йилларда дастлабки сюжетли расмлар ва портретлар яратилди. Ҳайкалтарошлик, ўймакорлик санъати пайдо бўлди. Кейинги йилларда санъатнинг барча тармоқлари равнақ топди. Халқ ҳунармандчилиги турларида ёғоч ўймакорлиги, ёғочсозлик, мўйначилик, каштачилик, кўнчилик, кулоллик, тўқимачилик ривож топган.
Мусиқа фолклори қўшиқ жанридан иборат. Қад. К. қўшиқлари паст пардаларда равон айтилади. Кейинги давр қўшиклари кенг диапазонда ижро этилиши билан ажралиб туради. Яккахон ва хор (одатда, 2 ва 3 овозли) ижрочилик санъати тарқалган. Чолғу асбобларидан уч торли сугудек (камонли ва чертма), 4—7 торли брунган (катта ҳажмдаги урма соз), пуфлаб чалинадиган оркестр асбобларидан чипсан, пелян ва бошқа бор. Улар ичида балалайка ва гармон салмоқли ўрин тутади.
Профессионал мусиқа санъати ХХ аср бошларида пайдо бўлди. 40-йилларда дастлабки миллий мусиқали драмалар яратилди (А.А. Воронсовнинг „УстКулом қўзғолони“ асари ва бошқалар). 60-йилларда миллий опера („Уст-Кулом осмонида момақалдироқ“) ва балет („Яг-Морт“) юзага келди.
К.да республика мусиқали театри, филармония, ашула ва рақс ансамбли, мусиқа билим юртлари, болалар мусиқа мактаблари бор.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |