Коргуз ((1242-йилда вафот этган) ёки Кöргüз) уйғур бўлиб, Мўғуллар империяси ҳукмдори Ўқтой ҳукмронлиги даврида Хуросон ҳокими бўлган[1].

ᠺᠥᠷᠭᠦᠽ
Хуросон доруғачиси
Мансаб даври
1236 – 1242
Ўтмишдоши Жин Темур
Вориси Арғун Ақа
Вазир Шарафиддин Хоразмий
Асил Руғатий
Соҳиби девон Баҳоуддин Жувайний
Шахсий маълумотлари
Таваллуди Барлуғ, Бешбалиқ, Қочо
Вафоти 1242
Қорақурум, Мўғуллар империяси

Биографияси

Хитойнинг Шинжон ҳудудидаги Бешбалиқдан тахминан 4 парасанг узоқликда жойлашган Барлуғ номли қишлоқда туғилган[2]. Уйғур[3] ва эҳтимол несторий насроний бўлган[4]. Чунки исмининг хитойча шакли Куоложиси (хитойча: 阔里吉思) асосан насроний исми Георгенинг транскрипсияси ҳисобланади ва қишлоғида черков мавжуд бўлган[2]. Бироқ, Жувайнийга кўра, буддист бўлган[4]. Ёшлигида отасидан айрилганидан сўнг, левират никоҳи урфига биноан ўгай онасига уйланишни сўраб, Идиқутга мурожаат қилган. Бироқ, кейинчалик уни уйлантирмоқчи бўлган бошқа бир шахсдан ер участкаси эвазига бу ниятидан воз кечган. Уйғур ёзувини мустақил равишда ўрганган, аммо етим бўлгани ва ҳокимиятдаги шахслар билан қариндошлик алоқаси йўқлиги сабабли ижтимоий мавқе поғоналаридан кўтарила олмаган. Кейинчалик иш излаб Жўжининг ўрдасига йўл олган ва бунинг учун ўз амакиваччаси Беш Қулачни от эвазига гаровга қўйган[2].

Фаолияти

Фаолиятини Жўжининг қўмондонларидан бирига чўпонлик қилишдан бошлаган. Кейинчалик кутилмаганда Жўжининг битикчиси (котиби) даражасига кўтарилган. Ривоят қилинишича, шаҳзода Чингизхондан фармон олган пайтда ҳужжатни ўқий оладиган ҳеч ким топилмагач, Коргуз олдинга чиқиб, фармонни ўқиб берган. Шундан сўнг Жўжининг фарзандларига устоз этиб тайинланган[2]. 1233-йилда Урганчга доруғачи этиб тайинланган Жин Темур ҳузурига Жўжи манфаатларини ифодалаш учун юборилган. Янги ташкил этилган Хуросон ҳудуди кейинчалик бутун Эронни қамраб оладиган даражада кенгайди. Ўша даврдаги бошқа битикчилар қаторига Кüл Болад (Ўқтойнинг вакили), Носал (Ботунинг вакили), Қизил Буқа (Чиғатойнинг вакили) ва Еке (Сорғағтани Бекининг вакили) кирган[5]. Яна бир ҳамкори вазир Шарафиддин Хоразмий бўлиб, туркий битикчи эди[3]. Кейинчалик Баҳоуддин Жувайний (Ата Малик ва Шамсуддин Жувайнийнинг отаси) билан бирга Ўқтой саройига вакил қилиб юборилди. Элчилар Хуросонга қайтган пайтда эса Жин Темур вафот этган эди.

1235/36-йилда Жин Темурнинг ворисини тайинлаш масаласида мўғул шаҳзодалари ўртасида кураш бошланди. Лавозим учун асосий номзодлар Жин Темурнинг ўғли Эдгü Темüр ҳамда Кöргüз эди[4]. Бу орада вақтинчалик бошқарувни Ботунинг вакили Носал амалга оширди. Носал ўша пайтда юз ёшдан ошган эди. Кöргüз эса турли шаҳзодалар билан алоқага чиқиб, уларнинг қўллаб-қувватлашига эришишга ҳаракат қилди[6]. Охир-оқибат Кöргüз курашда ғолиб чиқди. Чунки Чинқай ҳамда Ўқтойнинг қўлловига сазовор бўлди[4][7]. Тажрибали маъмур бўлган Коргуз ҳудудда молиявий тизимни ислоҳ қилди, аҳолини рўйхатга олди ва бу жараёнда форс амалдорлари билан ҳамкорлик қилди. Анъанавий қараш тарафдорлари гуруҳига Кüл Болат ва Носал бошчилик қилаётган эди. Кöргüзни қўллаб-қувватловчилар қаторига Баҳоуддин Жувайний ҳамда маҳаллий ҳукмдорлар Исфарайинлик Низомиддин, обивардлик Ихтиёриддин, бистомлик Амид ул-Мулк Шарафиддин ва бошқалар кирган.

Кейинчалик Донишманд Ҳажиб Эдгü Темüрнинг ташаббуси билан Кöргüз устидан расмий тергов бошлади. Тергов гуруҳига мўғул амалдорлари Арғун Ақа, Шамсиддин Камаргар ва Қурбақа Элчи киритилди. Кöргüз эса ўз элчиларини хон саройига юборган эди. Бироқ, элчи Банокатда Эдгü Темüр тарафдорлари томонидан қўлга олиниб, калтакланди. Хон кейинчалик Кöргüзнинг элчисини ортга қайтариб, унинг калтакланганидан ғазабланганини билдирди ва барча битикчиларни саройга чақирди. Йўл давомида Кüл Болад Бухорода ҳашшошийлар томонидан ўлдирилди[8]. Ўқтой аввал рақиб томонларни яраштиришга уриниб кўрди. Бироқ, кейинчалик Эдгü Темüрни айбдор деб топди[4].

Ҳукм чиқарилгач, Кöргüз 1239-йил ноябр–декабр ойларида Тусдаги қароргоҳига қайтди. У ерда шаҳарни қайта қуриш, инфратузилмани яхшилаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ривожлантириш дастурини бошлади. Шунингдек, ўз ўғилларини Чормақан яқинда забт этган, бироқ унинг ҳокимиятини тан олмаган ҳудудларга солиқ йиғувчилар вазифасини бажариш учун юборди.

Қулаши

Собиқ ҳамкори Шарафиддинни лавозимидан четлатиб, вазирликни Асил исмли мисгарга топширгач, Кöргüз саройдаги анъанапараст гуруҳнинг ғазабига учради. Қорақурумга йўл олаётганида Ўқтойнинг вафоти ҳақида хабар олди. Йўл давомида Чиғатой амирларидан бири билан қурултой масаласида тортишиб қолди. Натижада чиғатойзодалар қўллаб-қувватлаган янги муваққат подшо Тöрегене хотун Кöргüзни ҳибсга олиш ҳақида фармон чиқарди. Кöргüз Тусда ўзини мудофаа қилган бўлса-да, охир-оқибат шаҳар дарвозаларини очиб, ўзини исёнчи эмаслигини эълон қилди. Собиқ душмани Носалнинг ўғли Тубадай томонидан қўлга олиниб, Чиғатой саройига юборилди. Сарой эса ишни Тöрегене ҳукмига ҳавола қилди. Бу орада Кöргüзнинг собиқ ҳомийлари, жумладан Чинқай, Тöрегене ҳокимиятга келгач, саройдан четга чиқиб кетган эдилар. Шу боис уни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ эди. Охир-оқибат Тöрегене Фотиманинг тавсияси билан Кара-хулагуга топширди. Фотима Шарафиддиннинг ҳомийси эди. Кара-хулагу Коргуз оғзига омма олдида тош тиқдириб, бўғилиб ўлишига сабаб бўлди[9]. Унинг ўрнига собиқ ноиб Арғун Ақа тайинланди. Жувайнийга кўра, Кöргüз умрининг охирида ислом динини қабул қилган.

Манбалар

  1. ↑ Генгҳис Кҳан: ҳис лифе анд легаcй; бй Паул Ратчневскй, Тҳомас Нивисон Ҳаининг, пг. 204
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 Жувайни 1958, с. 489.
  3. ↑ 3,0 3,1 Аржоманд, Саïд Амир (2019), [[1] „Тен / Тҳе Монголиан Интегративе Револутион ин Эурасиа“], Револутион, Университй оф Чиcаго Пресс, 269–310-бет, дои:10.7208/чиcаго/9780226026848.003.0011, ИСБН 978-0-226-02683-1, қаралди: 2024-01-21 {{cитатион}}: Чеcк |урл= валуэ (ёрдам)
  4. ↑ 4,0 4,1 4,2 4,3 4,4 Ин тҳе сервиcе оф тҳе Кҳан: эминент персоналитиэс оф тҳе эарлй Монгол-Йüан период (1200 - 1300), Начдруcк, Wиэсбаден: Ҳаррассоwитз, 1993 — 102-104-бет. ИСБН 978-3-447-03339-8. 
  5. ↑ Жувайни 1958, с. 483.
  6. ↑ Жувайни 1958, с. 488.
  7. ↑ Буэлл, Паул Д. (1994-01-01). Каплан, Эдwард Ҳ.. эд. [[2] "Чинқаи - Арчитеcт оф Монголиан Эмпире"]. Эаст Асиан Студиэс Пресс Студиэс он Эаст Асиа, Волуме 19: 168-186. дои:10.25710/рв6ж-wк45. [3]. 
  8. ↑ Жувайни 1958, с. 496.
  9. ↑ Тҳе Сеcрет Ҳисторй оф тҳе Монгол Қуээнс, бй Жаcк Wеатҳерфорд, пг. 96

Адабиётлар