Kun
Манбалар
Кун — Ернинг Қуёшга нисбатан тўла айланиш даври; бир кеча-кундузга тенг бўлган вақт, сутка. Давомийлиги 24 соат билан ўлчанади. Бу вақт икки хил — ҳақиқий Қуёш суткаси (ҲҚС) ва ўртача Қуёш суткаси (ЎҚС) дейилувчи ўлчовларга эга. ҲҚС иккита кетма-кет келадиган ҳақиқий туш (ёки ҳақиқий ярим кеча) вақтлари орасидаги вақт билан ўлчанади. ҲҚС, Қуёш йиллик кўринма йўлининг осмон экваторига қиялиги (оғиш бурчаги 23° 26’) ва эклиптика (Қуёш йиллик кўринма йўли) бўйлаб ҳаракатнинг нотекислиги туфайли ўзгариб туради ва шу туфайли ундан амалда фойдаланиб бўлмайди. Амалда ҲҚС нинг йил давомида ўртача қиймати — ўртача Қуёш суткаси — куннинг узунлиги сифатида фойдаланилади. Бу вақт осмон экватори бўйлаб, йил давомида, текис ҳаракатланадиган ўртача Қуёш дейилувчи фаразий Қуёш марказига нисбатан Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш даври билан ўлчанади. [1]

Яна қаранг
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |