Kurdiston ustoni
Бу мақолада манбалар <реф></реф> тегларига олинмаган ёки умуман кўрсатилмаган. |
Курдистон (форсча: کردستان / Кордестâн) — Эрон устонларидан бири. Курдистон вилоятининг номи курд ва истон сўзларидан ташкил топган бўлиб, курдлар яшайдиган макон маъносини англатади. Бу сўз расмий равишда салжуқийлар даврида қўлланган. Эроннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Маъмурий маркази — Санандаж шаҳри. Аҳолиси сони — 1 493 000дан зиёд. Шимолдан Ғарбий ва Шарқий Озарбайжон устонлари, жанубдан Кармоншоҳ, ғарбдан Ҳамадон ва Занжон устони, ғарбдан Ироқ ҳудуди билан чегарадош[1].
| Устон | |
|---|---|
| Маъмурий маркази | Санандаж |
| Йирик шаҳари | Санандаж |
| Бошқа йирик шаҳарлари | Саққиз, Маривон |
| Расмий тили | форсча |
| Аҳоли (2011) | 1 493 645 |
| Зичлиги | 51 киши./км² |
| Миллатлар таркиби | асосан курдлар, озарбайжонлар ва форслар |
| Динлар таркиби | асосан мусулмонлар |
| Майдони | 29 137 км² |
| Вақт минтақаси | УТC+3:30 |
| Харитада | |
|
| |
Шаҳристонлари
Курдистон устони 10 та шаҳристон (вилоят), 27 та туман, 84 та қишлоқ ва 23 та шаҳарга бўлинган: Қуйида ушбу шаҳристонлар рўйхати келтирилган:
Аҳолиси
2011-йилги маълумотларга кўра, Курдистон устонида 1 493 645 киши истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисмини курдлар ва озарбайжонлар ташкил этади. Устонда шунигдек форслар, арманлар ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилади. Аҳоли диндорларининг асосий қисми мусулмонлардир (ушбу устонда асосан шиалик мазҳаби тарқалган). Устон расмий тили — форсча. Курд ва озарбайжон тиллари норасмий мақомга эга.
Табиати
Курдистонда баҳор ва ёз ойлари ҳаво илиқ ва мўтадил, қиш ва куз ойларида эса ҳаво совуқдир. Санандеж ҳавоси йилнинг олти ойида саёҳат учун қулайдир. Иссиқ ва совуқ ҳаво оқимлари вилоятда турлича об-ҳавони вужудга келтиради. Энг юқори ёғин миқдори вилоятнинг ғарбида бўлиб, 800 мм.гача етади ва ёғиннинг энг паст миқдори вилоят шарқида бўлиб, 400 мм.ни ташкил этади. Ёмғирлар суви вилоят ўсимликлар оламини суғоради. Вилоят ғарбида Бона ва Маривон шаҳарлари атрофида қуюқ ўрмонлар жойлашган. Бу ўрмонлар ғарбдан шарққа томон юрган сайин ёғин миқдори камайиши ҳисобига сийраклашиб боради. Булардан ташқари, вилоятда Саққез ва Санандеж ҳудудида ўрмонлар мавжуд. Курдистон вилоятининг ёғин миқдори йилига 500 мм.ни ташкил этади. Вилоятнинг сув манбалари ер усти ва ер ости сув ҳавзаларига бўлинади. Географик жойлашуви туфайли вилоят ҳудудида кўплаб дарёлар ва оқар сувлар оқади. Заринаруд, Симинаруд, Зоби кучак, Сиравон дарёлари ва Карха дарёсининг бир қисми вилоятнинг ер ости сув манбалари ҳисобланади. Маривон, Чордули, Қарви, Даҳгалон ва Комиёрон даштларида муҳим ер ости сув манбалари жойлашгандир.
Тоғлари
Курдистон вилояти тоғли минтақа бўлиб, денгиз сатҳидан 1373,4 метр баландликда жойлашган ва мамлакатнинг баландликда жойлашган вилоятлари қаторига киради. Ушбу вилоятда асосан, Загрос тоғ тизмасининг тоғлари жойлашгандир. Вилоятнинг энг баланд ва энг паст нуқтаси орасидаги фарқ 2400 метрни ташкил этади. Масалан, жануби-ғарбда жойлашган Шоҳу тоғининг баландлиги 3390 м. бўлиб, вилоятнинг энг баланд нуқтаси ва Олут минтақасининг баландлиги 900 м. бўлиб, вилоятнинг энг паст нуқтаси ҳисобланади. Вилоят майдони сатҳидаги бундай ўзгаришлар албатта, вилоят иқлимига таъсир кўрсатади [2].
Курдистон мусиқа маданияти
Курд мусиқа маданияти алоҳида эътиборга эгадир. Курдистон вилояти куйлар ва қўшиқлар ўлкаси ҳисобланиб, унинг ҳар бир гўшасида юзлаб қўшиқлар, мусиқалар, алла куйлари мавжуд. Шу жиҳатдан, Курдистонни Эрон мусиқа маданияти бешиги, десак муболаға қилмаймиз. Зеро, курд мусиқаси қадимий Эрон қўшиқлари билан уйғунликка эгадир. Курд мусиқаси дурдоналари ичида „ҳўваре“ ва „шамшол“ мусиқалари энг қадимий мусиқа намуналаридан ҳисобланади. Баъзи Эрон мусиқа маданияти намуналарининг тарихи минг йиллар, Ислом дини тарқалишидан олдинги даврларга бориб тақалади. Курд мусиқа маданияти дурдоналарини қадимийлиги жиҳатидан икки гуруҳга тақсимлаш мумкин. Булар — қадимий мусиқалар гуруҳи ва мақом мусиқалари гуруҳи. Минтақанинг қадимий мусиқа намуналари „ҳуре“, „муре“, „луре“, „сиёчмоне“ (қора кўзлар) ва миллий мусиқа номлари билан юритилиб келади [3].
Диққатга сазовор жойлари
Курдистон устонининг диққатга сазовор жойлари Заривор кўли, Чихилчашма, Хусравободлардир.
Ҳунармандчилик
Ҳунармандчилик соҳаси курдлар орасида қадимдан ривожланган соҳалардан ҳисобланади. Минтақанинг географик жойлашувидан келиб чиқиб, бу соҳанинг ранг-баранг турлари вужудга келган. Ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳам аҳолининг маиший ва кундалик ҳаётида, ҳам минтақа аҳолиси ҳаётининг иқтисодий ҳолатини яхшилашда ўзининг ижобий жиддий таъсирини ўтқазган. Курдистон вилоятининг энг асл миллий амалий санъат намуналарига қўлда тикилган маҳсулотлар, гиламлар, шолчалар, паласлар, жойнамозлар, шарф тикиш, жунли матоларни тайёрлаш, гиве тикиш, ўймакорликнинг ҳар хил турлари, сополсозлик, миллий заргарлик, каштачилик, ғалтаксозлик, қўллоббофи, гул солиш, манжуқдузи (бисер тикиш), туника ва сават тайёрлаш, чодир тикиш, темирчилик ва бошқаларнинг маҳсулотларини келтириш мумкин. Минтақадаги мавжуд табиий муҳит турли хил чиройли ва бетакрор амалий санъат маҳсулотларини ясаш ва тайёрлашга сабаб бўлган [4].
Манбалар
- ↑ Иран Провинcес „Иран Провинcес“. //www.статоидс.cом.
- ↑ Мостафавий, Ҳамид. Тасвирларда Эрон бо'йлаб саёҳат, 2013, СОКҲАНВАРАН ПУБ. — 186-194-бет. ИСБН 978-600-9675-31-3.
- ↑ Мостафавий, Ҳамид. Тасвирларда Эрон бо'йлаб саёҳат, 2013, СОКҲАНВАРАН ПУБ. — 192-193-бет. ИСБН 978-600-9675-31-3.
- ↑ Мостафавий, Ҳамид. Тасвирларда Эрон бо'йлаб саёҳат, 2013, СОКҲАНВАРАН ПУБ. — 194-бет. ИСБН 978-600-9675-31-3.