Квинт Курсий Руф (милодий И аср) – қадимги Рим тарихчиси ва ритор (нотиқлик санъатини ўргатувчи муаллим). Квинт Курсий Руфнинг қачон туғилган ва вафот этгани номаълум. Асарларининг тилига қараб, тарихчилар Квинт Курсий Руфни Рим императорлари Клавдий ёки Август ҳукмронлиги даврида яшаган деб тахмин қиладилар. Квинт Курсий Руф македониялик Александр ва унинг ҳарбий юришларига бағишланган, ҳарбий техника тарихи нуқтаи назаридан тарихий аҳамиятга эга 10 та жилддан иборат „Буюк Александрнинг тарихи“ номли асар (тахминан милодий 50-йил)нинг муаллифи. Унинг 8 та жилди сақланган[1].

Квинт Курсий Руф
Таваллуди тахминан И аср
Рим империяси
Вафоти аниқ эмас, тахминан И аср 2-ярми
Рим империяси
Истиқомат жойлари Рим, Афина шаҳарлари
Фуқаролиги Рим империяси
Касби тарихчи, ритор, ёзувчи
Соҳаси Тарих, Риторика
Машҳур ишлари Буюк Александр тарихи

Биографияси

Болалик ва ўсмирлик даври

Квинт Курсий Руф Рим империясигига қарашли Тира шаҳрида туғилган. Унча катта бўлмаган бу шаҳарнинг табиати гўзал бўлган. Унинг оиласи унча бадавлат бўлмаса ҳам, ўзига яраша тўқ бўлган. Квинт Курсий Руфнинг ёшлигидан билимга чанқоқлигини сезган оиласи уни лотин мактабига ўқишга беришган. Саводи чиққандан сўнг лотин тилида ёзилган асарларни билан ўқий бошлайган. Бироқ бу вақтда лотин тилида ёзилган бадиий асарлар барчага бирдек етишмасди. Кўпгина юнон адабиёти намуналарини лотин тилида ўқиб қониқмагандан кейин грек тилини ўрганишга зўр бериб интилади. 22-23 ёшида Афина сафарига жўнайди. Афинанинг қадимий адабиёти, маданият ёдгорликлари унда катта қизиқиш уйғотган. Афина сафари унинг дунёқарашига жуда катта таъсир кўрсатади. Курсий Руф милоднинг 30-йиллари охирларида Римга қайтиб келади. Римдаги адабий гуруҳлар билан алоқа боғлайди. Нотиқлик санъатига оид асарлар ёза бошлайди. Унинг бу асарлари ўша даврдаги адабий жамоатчиликнинг эътиборини ўзига тортган[2].

„Буюк Александрнинг тарихи“ асари

Курсий Руф Александр Македонскийнинг тарихига бағишланган ўнта жилдлик асар ёзган. Мазкур асар форс, араб, сурёний, арман, копт, малай ва бошқа тилларда кенг тарқалган ва В аср охирларида арман тилига таржима қилинган[3]. Ўнта китобни ўз ичига олган бу асарнинг кейинги тақдири ғоят ачинарлидир. Асарнинг биринчи ва иккинчи китоблари йўқолиб кетган. Бешинчи китобнинг охири ва олтинчи китобларнинг бошланиши сақланмаган. Шунингдек, асарнинг ўнинчи китобидаги айрим саҳифалар ҳам йиртилиб кетган. Асарнинг Марказий Осиёга бағишланган китобидаги саҳифалардан айрим сатрлар ўчганлигини ҳисобга олмаганда, асар ҳозирги давргача тўлиқ етиб келган[4].

Марказий Осиё тарихига доир маълумотлар

Бақтрия ҳақида

Асарда Марказий Осиёга доир турли қизиқарли маълумотлар мавжуд. Квинт Курсий Руф Бақтрияни табиати турли-туман ва гўзал, унумдор ерлари кўп, серсув, экинзорларга бой мамлакат, деб таърифлайди. Унинг ёзишича, ўлканинг аҳолиси кўп, улар буғдой ва арпани кўп экадилар, узумзорлари бепоён. Ўлкада меваларнинг барча турлари ўсади. Чорва молларини боқишга қулай. Йилқиси кўп, чопар отларга бой мамлакат. Айни пайтда ўлка ҳудудида қумлоқ ва экин битмайдиган ерлар ҳам анчагина[3].

Скифлар (саклар)

Квинт Курсий Руфнинг қайд қилишича, скифларнинг ҳатто нутқи ҳам жозибадор эди. Ўзининг гўзал нутқи ва маданиятига эга бўлган скифларнинг ўша даврларда ўзига хос адабиёти ҳам бўлган. Квинт Курсий Руфнинг „Буюк Александрнинг тарихи“ асарида скифларнинг жасурлиги ва мардлигини таърифлайди. Унинг ёзишича, Александр скифларнинг катта бир гуруҳини асир олади. „Жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган скифлардан 30 кишини ўлимга маҳкум этганда, улар ўлимдан ҳам қўрқмасдан, халқ қўшиқларини баралла айтиб, хурсанд бўлиб борардилар“, – дейди Курсий Руф. Скифларнинг мардлигига қойил қолган Александр асирларни ўлимдан сақлаб қолиб, ҳибсдан озод қилади[3].

Массагетлар ҳақида

Асарда массагетларнинг жасоратлари ҳақида ҳам маълумотларлар мавжуд. „Массагетлар 800 нафар отлиқ жангчиларини қишлоқ яқинидаги ўрмонга яшириб қўядилар. Бир неча киши пода ҳайдаб, ўрмонга қараб бемалол кетаверади. Тайёр ўлжани қўлдан чиқармаслик учун Аттин ўзининг 300 отлиқ жангчиси билан ҳеч шубҳа қилмасдан ўрмонга кириб боради. Массагетлар Аттин қўшинига қўққисдан ҳужум қилиб, уларнинг ҳаммасини қириб ташлайдилар“[3].

Спитамен хусусида

Квинт Курсий Руфнинг асарида Спитамен жисмонан бақувват, жасур, мард ва тадбиркор бир шахс сифатида тасвирианади. Унинг ёзишича, дастлабки пайтда Александр Спитаменга катта-катта ваъдалар беради, ҳатто Суғдиёна ҳокимлигини инъом этмоқчи бўлади. Спитамен эса ватанга хиёнат қилишдан кўра ўлимни афзал билади.

Ушбу асарда Спитамен фожиасига сабаб бўлган хоинларга доир маълумотлар учрайди. Шунингдек, Квинт Курсий Руфнинг асарида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг Александр қўшинлари томонидан истило қилиниши, халқларнинг чет эл босқинчиларига қарши кураши, хусусан, Спитамен қўзғолони кенг ёритиб берилган[3].

Манбалар

  1. ↑ Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. 1-жилд: А—Бешбалиқ. Т.:"Ўзбекистон миллий энсиклопедияси Давлат илмий нашриёти", 2000.
  2. ↑ Бойназаров Ф. Қадимги дунё тарихи / Дарслик. Тошкент: „ИҚТИСОД-МОЛИЙА“, 2006. 44-бет.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 Дониёров А. Х. Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги / Дарслик. Тошкент: НИФ МСҲ, 2020. 57-58-бетлар.
  4. ↑ Бойназаров Ф. Қадимги дунё тарихи / Дарслик. Тошкент: „ИҚТИСОД-МОЛИЙА“, 2006. 46-бет.