Лад (русча — уйғунлик, тартиб), пардалар тузилмаси, тузук — 1) кенг маънода, мусиқий-эстетик тушунча сифатида — пардаларнинг ўзаро мутаносиблиги, турли баландликдаги мусиқий товушларнинг уйғунлиги; 2) мусиқа назариясининг асосий тушунчаларидан бири, мусиқий поғоналарнинг бош парда (ёки асосий пардалар қўшилмаси) атрофида ўзаро боғланиш тизими. Лад поғоналари ўзининг турғун (таянч)лиги жиҳатидан бир-биридан фарқданади, турғун бўлмаган поғоналар турғун поғоналарга "тортилиб" (интилиб) туради. Лад поғоналарининг сони ва улар орасидаги интерваллар сифатига қараб экмелика (баландлиги ўзгарувчан товушлардан иборат), ангемитоника (ярим тонликсиз товуш-қаторларга асосланган), диатоника (шу жумладан, мажор ва минор), хроматика каби Лад туркумлари ажратилади. Куй ривожидаги таянч ва нотаянч поғоналарнинг алмашинув жараёнининг ўзига хослиги модал (монодик), гармоник, тоналлик ва бошқа турларни ташкил этади. Бир асар давомида бошланғич Ладнинг баландлиги (тоналлиги) ўзгарса, оғишма ёки модулясия содир бўлади.

Шарқ мусиқа амалиёти ва назариясида Ладлар турлича номланиб келган: арабча макам, форсча парда, ўзбекча мақом, озарбайжонча муғом ва бошқа Улар ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, поғоналарнинг оралиғи 90, 114, 180, 204 сентли интервалларга асосланади ва кўп поғонали турли Л.ларни ташкил қилади. Л.лар турли халқлар мусиқа мероси, ўтган замон ва ҳозирги давр бастакорлари ва композиторлари асарларининг муайян асосини ташкил этади. Шу билан бирга ХХ аср баъзи мусиқа йўналишлари (атонал мусиқа, додекафония, соноризм ва бошқалар)да аниқ бир Ладдан четланиш учрайди; 3) мусиқий товуш-қаторнинг тури (мас. Мажор, минор).

Адабиёт

  • Кон Ю., Некоториэ вопроси ладового строения ўзбекской народной песни и её гармонизации, Т., 1979. Олимжон Беков.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил