Lapar
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Лапар — мусиқий фолклор жанри; воқеабандлиги ва куй тузилиши жиҳатидан унча мураккаб бўлмаган, тор диапазонли, нақароциз, чолғу жўрлигисиз айтиладиган қўшиқларга яқин. Икки тури мавжуд: 1) тўй маросими, халқ сайили, ҳашар каби йигинларда йигит ва қизлар томонидан тарафма-тараф бўлиб диалог шаклида ижро этиладиган лапарлар. Бунда даврадаги қизлар навбатманавбат хоҳлаганига "лапар солади", бунга йигит жавоб қайтариши керак. Мос жавоб қайтарилса, дастрўмол, белбоғ каби совғалар берилади. Лапарни махсус лапарчи аёллар бошқариб боради. Маросим лапарларнинг куйлари, кўпинча, эпик тусда, нутқдош ёки куйчан оҳангларда бўлади. Буларда, асосан, йигит ва қизнинг муҳаббат кечинмалари, орзу-умидлари акс этади, шунингдек, енгил ҳажв ва юмор ҳам қўшилиб кетади. Тўртлик шаклидаги термалардан иборат бўлган лапарнинг бу тури, асосан, Тошкент вилояти ва Жанубий Қозоғистон ўзбеклари орасида кенг тарқалган; 2) ўйин лапар Хоразм халфалари, Бухоро созандалари орасида "лабидан", "лаби учидан" айтиладиган, енгил ҳарактердаги қўшиқларга нисбат берилган. Одатда, икки киши галма-галдан рақс тушиб ижро этади. Куйлари енгил, ўйноқи, жозибали бўлади. Якка қўшиқчи томонидан чолғу жўрлигида ҳам рақс билан айтилади. Халқ орасида "Қора соч", "Ойижон", "Қилпиллама", "Билак узук", "Наҳору нашта" каби Л.лар оммалашиб кетган. Лапар ижрочиларидан Тамарахоним, Г. Отабоева ва бошқа машҳур. Халқ лапарлари ўзбек композиторлари томонидан қайта ишланиб, хор, вокал-симфоник, эстрада мусика асарларидан кенг ўрин олган. Лапарлар баъзан, кенг маънода, умуман қўшиқ тушунчасини ҳам ифодалайди.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |