Latchalar
Латчалар – сувсарсимонлар оиласига мансуб йиртқич сут эмизувчилар гуруҳи. Танаси ингичка, чўзиқ ва жуда эгилувчан. Ўрта Осиё ҳудудида латча ва оқ латча тарқалган. Латча – энг майда йиртқич, узунлиги 13–28 см, вазни 40 г дан 100 г гача. Ёзда юнги танасининг орқа томонида очиқ кулранг, қорин томонида оқиш ёки сарғиш; ареалининг шимолий қисмида қишда оқрангга киради. Европа, шимолий Африка, шимолий Америка ва Осиёда тарқалган. Жуда серҳаракат, сичқонларни қириб катта фонда келтиради. Оқ латча латчага нисбатан бир оз йирикроқ, думининг учи қора, узунлиги 16–38 см, вазни 260 г гача. Европанинг деярли ҳамма ҳудудларида, Шимолий Америка, Осиёнинг шимолий қисмида учрайди. Ўрта Осиёда Орол денгизидан шимолроқда тарқалган. Асосий озиғи майда кемирувчилар: сичқонлар, дала сичқонлари: кемирувчилар кам бўлганида эса балиқлар, бақалар, қушларнинг уясидаги жўжалари; оч қолганида мевалар ва ҳар хил органик чиқиндилар билан озиқланади. Йилига бир марта 4–8 тадан болалайди. Латчаларнинг иккала тури ҳам зараркунанда кемирувчиларни қириб, инсонга катта фойда келтиради. Оқ латча қимматбаҳо мўйна беради[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ҳайвон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |