ЛАТОИФ (араб. нозик нуқталар; бирлик шакли - «латифа»). Нақшбандия тариқатида «хафий» (пинҳона) зикр амалга оширишда диққатни жамлаш лозим бўлган нуқталарга «латифа» ёки «латоифи хамса» (беш нозик нуқта) дейилади. Бу нуқталар инсон танасининг кўкрак қафаси қисмида жойлашган бўлиб, уларнинг ўрни тананинг ташқи белгилари орқали аниқланади.

Ҳар бир «латифа» (кейинги ўринларда «нуқта») ўз номига эга бўлиб, улар: 
«қалб» - жойлашуви чап кўкракнинг остида (икки бармоқ бўғини чапроқда); 
«руҳ» - жойлашуви ўнг кўкракнинг остида (икки бармоқ бўғини ўнгроқда); «сир» - жойлашуви чап кўкракнинг устида (икки бармоқ бўғини тепада); 
«хафий» - жойлашуви ўнг кўкракнинг устида (икки бармоқ бўғини тепада);
«ахфо» - кўкрак қафасининг маркази (анатом. «қуёш чигали» қисмида). 

Зикр учун зарур бўлган қўшимча нуқталар: «нафс» - киндикдан икки бармоқ бўғини пастроқда, «султон» - пешонанинг (икки қошнинг) ўртасида жойлашган. Нақшбандия тариқатидаги «хафий» зикр «нафй-у исбот» зикри деб номланади. Бунинг сабаби зикрда фойдаланиладиган «ла илаҳа иллАллоҳ» калимаси тузилишига кўра биринчи қисми (ла илаҳа) «нафий» я’ни инкор, иккинчи қисми эса (иллАллоҳ), инкордан истисно, я’ни исботдир. Бунда калимани зикр этувчи «ла илаҳа» деганда кўнгилдан барча нарсани чиқариб ташлаб, қалбини бўшатиши - «нафий», «иллАллоҳ» деганда эса фикру зикрини фақат Аллоҳга қаратиши - «исбот» дейилади. Зикр жараёнида аввал тил танглайга теккизилиб, нафас ушлаб турилади ва фикран тоқ марта «ла илаҳа иллАллоҳ» калимаси айтилади. Калиманинг «ла илаҳа» қисми фикрдан ўтаётган пайтда зикр «нафс» нуқтасидан икки қошнинг ўртасига кўтарилгани тасаввур қилинади ва «иллАллоҳ» қисми фикрдан ўтаётган пайтда куч билан «қалб» нуқтасига «урилади». Бир нафас олганда калима 3, 5 ёки 7 ёхуд 9 марта, то 21 мартгача қайтарилади. Нафас чиқарилаётганда «Муҳаммаду-р-расулуллоҳ» калимаси фикрдан ўтказилади. Зикр шу йўсинда 1001 маротаба қайтарилади. Ҳар бир қайтариқда «Илаҳий анта мақсудий ва ризока матлубий» (Тангрим, мақсадим Сенсан ва истагим розилигингни топиш) дейилади. «Қалб» нуқтасида зикр адо этиш ўзлаштирилгач, диққат «руҳ» нуқтасига қаратилади ва юқоридаги амалиёт 1001 марта «қалб», 1001 марта «руҳ» нуқтасига йўналтирилади. Сўнгра диққат «сир» нуқтасига қаратилиб, зикр яна 1001 марта «қалб», 1001 марта «руҳ», 1001 марта «сир» нуқтасига йўналтирилади. Худди шу тартибда «хафий» ва «ахфо» нуқталарига ҳам зикр йўналтирилади. Барча босқичлар босиб ўтилгач, зикр адо этувчи «ла илаҳа» калимасини «нафс» нуқтасидан пешонага кўтариб, баробарига бешта нуқтага «уради». Сўнгги тартибдаги зикр бажарилиш жараёнида «латоиф» нуқталари тебраниб, мия орқали бутун танани қамраб олишига диққат қилинади. Бу босқичдаги зикр «зикри султоний» деб аталади[1].

Манбалар

  1. ↑ тасаввуф Атамалари изоҳли луг'ати, ,Тошкент Ислом Университети Исломшунослилк илмий-тадқиқот маркази Мовароуннаҳр 2015.