Lavashak
Лавашак (форсча: لواشک) – Эрон ошхонасига хос бўлган нордон, шўр ёки ширин таъмли мевали қоқиси. У одатда олхўри, ўрик, анор каби мевалар пюресидан ёки турли мева пюреларининг аралашмасидан тайёрланадиган юпқа, зич ва қуритилган қатламдан иборат[1].
|
| |
| Тури | Мевали егулик |
|---|---|
| Миллий ошхона | Эрон ошхонаси |
| Асл номи | Лавāшак |
| Муаллифи | Эронликлар |
| Асосий компонентлари | Қуритилган мева ва резаворлар |
Лавашак Эроннинг жуда қадимий мевали қоқиси бўлиб, унинг тарихи минг йилларга боради. Лавашак тайёрлаш учун мевалар қайнатилиб қуюқлаштирилади, бир оз туз қўшилади, кейин эса элакдан ўтказилади. Ҳосил бўлган масса тахминан икки миллиметр қалинликда текис қилиб ёйилиб, совиб қотгунча қуритилади[2].
Лавашак Эрон ошхонасида ширин, нордон ва ширин-нордон турларда учрайди[3].
Лавашак қадим замонлардан бери меваларни сақлаш усули сифатида ишлатилган. Авлодлар давомида у уй шароитида анъанавий тарзда тайёрланиб келинган. Ҳозир эса лавашак саноат усулида ҳам ишлаб чиқарилади[4].
Номи
Лавашак номи форсча „لواش“ (лавош) сўзидан келиб чиққан. Лаваш – Эрон, Арманистон ва айрим бошқа Осиё мамлакатларида учрайдиган анъанавий юпқа нон тури ҳисобланади. Форс тилидаги „-ак“ қўшимчаси кичрайтириш маъносини билдиргани сабабли, лавошак сўзи тахминан „кичик нон“ деб таржима қилинади.
Тарихи

Лавашакнинг Эрон ҳудудида илк пайдо бўлиши Аҳамонийлар даврига (милоддан аввалги 550–330-йиллар) бориб тақалади. Ўша даврда лавашак ҳарбий юришлар ва савдо сафарларида узоқ сақланадиган озиқ-овқат сифатида ишлатилган. Қадим замонларда эронликлар йирик мавсумий мевалардан лавашак тайёрланиб, уни йил давомида истеъмол қилганлар[5].
Ўрта асрларда лавашак байрамлар ва диний маросимларда истеъмол қилинадиган машҳур газак сифатида танилган. У қувонч рамзи сифатида қаралган.
Қожарлар даврида лавашак тайёрлаш ва истеъмоли янада кенгайди. Эрон ҳудудида кичик лавашак ишлаб чиқариш соҳаси шаклланиб, уни бозорга етказиб бериш учун янги усуллар яратилди. Бу даврда лавашак байрамлар ва оилавий тадбирларда оммабоп совға сифатида қўлланилган.
20-асрга келиб, замонавий технологиялар ва янги ишлаб чиқариш ҳамда қадоқлаш усулларининг жорий этилиши билан Эроннинг лавашак саноати янада ривожланди. Бу даврда йирик лавашак ишлаб чиқарувчи корхоналар пайдо бўлди ва лавашак хорижда ҳам оммабоп озиқ маҳсулотига айланди[6].
Манбалар
- ↑ Аҳуэац. „*Лавашак (Персиан Фруит Леатҳер)*“ (2016-йил 1-август). Қаралди: 2025-йил 22-ноябр.
- ↑ Нажмиэҳ Батманглиж: Плум Пасте Роллс (Фруит Ролл-упс). Ин: Неw Фоод оф Лифе. Маге Публишерс, Wашингтон ДC 1992, С. 275
- ↑ „Лавашак – Персиан Фруит Леатҳер“. Қаралди: 2025-йил 22-ноябр.
- ↑ „Лавашак – Персиан Фруит Ролл“. Қаралди: 2025-йил 22-ноябр.
- ↑ Ҳагҳигҳи, Моҳсен „Интродуcтион то Лавашак анд Иц Плаcе ин Персиан Cуисине“ (2023). 2025-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2025-йил 22-ноябр.
- ↑ Башири, Моҳаммад „تاریخچه 2300 ساله ساخت لواشک در ایران“ (2023). 2025-йил 7-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2025-йил 22-ноябр.
| Озиқ-овқатга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |