Википедияда исми Лазиз бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Лазиз Азиззода (1889, Тошкент — 1987, Тошкент) — илмий ходим, шарқшунос. „Миллий истиқлол“ ташкилоти фаолларидан бири сифатида қатағон қилинган.

Лазиз Азиззода
Таваллуди 1889-йил
Тошкент
Вафоти 1987-йил
Тошкент
Истиқомат жойлари Тошкент, Бухоро, Москва
Фуқаролиги Туркистон генерал-губернаторлиги, Туркистон АССР, Ўзбекистон ССР
Касби шарқшунос
Соҳаси шарқшунослик, журналистика
Иш жойлари „Бухоро ахбори“ газетаси, Тошкентдаги олий ўлка бадиий техникуми, Миллатлар халқ комиссарлиги қошидаги ўзбек шўбаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти
Таълими Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқ факултети

Таржимайи ҳоли

Лазиз Азиззода 1889-йилда саройбон оиласида туғилган. Эски мактабни тугатиб, Тошкент мадрасаларидан бирида таҳсил олган (1914—1917). Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Россия Коммунистик болшевиклар партияси мусулмон бюросида мас’ул лавозимларда ишлаган. Сўнгра Бухоро Халқ Совет Республикасига бориб, „Бухоро ахбори“ газетасида муҳаррир ўринбосари ва нашриётда директор ўринбосари бўлиб ишлаган (1920—1921)[1]. Сўнгра Тошкентдаги олий ўлка бадиий техникумида директор ўринбосари (1921-йил ёзи), Миллатлар халқ комиссарлиги қошидаги ўзбек шўбасида котиб ва „Учқун“ журналида таҳрир ҳай’ати а’зоси бўлиб ишлаган (Москва, 1923—1924).

1924-йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқ факултетига ўқишга кириб, бир йилдан сўнг диплом олган. 1925—1926-йилларда Илмий марказда ишлаган. Лазиз Азиззода шу йилларда Туркистондаги миллий истиқлол учун бошланган яширин ҳаракатда иштирок этади. Тарқатиб юборилган „Миллий иттиҳод“ ташкилоти ўрнига, унинг ташаббуси билан „Миллий истиқлол“ ташкилоти тузилади (1926). 1926-йил охирларида Москвага чақириб олинади. Москвага бориб, Шарқ халқлари коммунистик университетида ўқитувчилик қилган, айни вақтда СССР халқлари этник маданияти илмий-текшириш институтининг аспирантурасида ўқиган[2].

1927-йил апрелида, номзодлик диссертацияси ҳимоя қиладиган куни аксилинқилобчилик ва миллатчилик фаолияти билан шуғулланган яширин ташкилотнинг фаолларидан бири сифатида Давлат хавфсизлик бошқармаси қамоққа олинади. Лазиз Азиззода совет давлатининг қатағон сиёсати қораланган 50-йилларда озодликка эришади. Оқланганидан сўнг узоқ муддат Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим бўлиб хизмат қилади[3]. Лазиз Азиззода ўтган асрнинг 30—50-йилларида яшаган давлат, жамоат ва маданият арбобларига бағишланган китоб ва рисолалар муаллифи.

Мақолалари

  • Азиззода Л. Шаҳар бошлиғи ҳақида мусулмон болшевикларининг қарори: [Тошкент шаҳри бошлиғи Исломбек Худоёрхонов ҳақида] // Иштирокиюн. 1918-йил 16-ноябр.
  • Азиззода Л. Ўлка мусулмон бюроси сайланиши муносабатида // Иштирокиюн. 1919-йил 17-октябр.
  • Азиззода Л. Бухорода инқилоб // Иштирокиюн. 1920-йил 14-март.
  • Азиззода Л. Кучимиз ортмоқда // Бухоро ахбори. 1921-йил 13-март.
  • Азиззода Л. Ҳамма нарса билим учун // Бухоро ахбори. 1921-йил 5-апрел.
  • Азиззода Л. Беҳбудий // Маориф ва ўқитувчи. 1926-йил 2-сон.

Манбалар

  1. ↑ Каримов Н. Абдулла Қодирий замондошлари. Энциклопедия. Тошкент: Академнашр, 2019 — 26-бет. 
  2. ↑ Тарихнинг номаълум саҳифалари: ҳужжат ва материаллар. Биринчи китоб / тўпловчи ва масъул муҳаррир Н.Каримов. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009 — 101-бет. 
  3. ↑ История и историки Узбекистана в ХХ столетии / Ответственный редактор Д.А. Алимова. Ташкент: Наврўз, 2014 — 344-бет.