Leykotsitlar

Лейкоцитлар (қадимги юнонча: λευκός — оқ ва κύτος — ҳужайра), оқ қон таначалари — одам ва ҳайвонлар қонидаги рангсиз ҳужайралар; қоннинг ядроли шаклли элементлари. Ядросининг шакли ҳар хил, шунга кўра, таёқча ядроли, сегмент ядроли ва моноцитларга ажрати-лади. Лейкоцитлар суяк кўмиги, лимфа тугунлари ва талоқда ҳосил бўлади. Донали Лейкоцитлар (гранулоцитлар) ва донасиз Лейкоцитлар (агранулоцитлар) фарқ қилинади. Қонни текширганда Лейкоцитларнинг бўялиш хусусиятига қараб, уларни эозинофиллар (кислотали бўёқ—эозин билан бўялади), базофиллар (асосли бўёқ — метилен кўки билан бўялади) ва нейтрофилларга (нейтрал бўёқлар билан бўялади) бўлинади, уларнинг ҳар бири маълум бир функсияни бажаради. Лейкоцитлар қон томир ўзанидан чиқиб ҳужайралараро бўшликда ўзича ҳаракат қила олади. Улар организмнинг ёт жисмлар кирган жойига етиб келиб, микроорганизмга яқинлашгач, сохта оёқлар чиқариб, уни ҳамма томондан ўраб олади ва ютиб юборади (қаранг Фагоцитоз). Организмни микроорганизмлардан ҳимоя қилишда қон яратувчи аъзоларнинг роли катта, бу вақтда улар кўплаб лейкоцит ишлаб чиқаради. Фагоцитозда фақат Лейкоцитларгина эмас, балки организмдаги бошқа ҳужайралар ҳам иштирок этади. Бундай ҳужайралар макрофаглар дейилади. Лейкоцитлар, макрофаглар, қон ва тўқималардаги бошқа фаол моддалар фақат бактериялар ҳамда касаллик қўзғатувчи агентларни ютиб юбормай, балки организмни жароҳат ёки касаллик туфайли нобуд бўлган ҳужайралардан, токсинлардан ҳам тозалайди. Шунинг учун турли касалликларда қонда Лейкоцитлар сони анчаошиб кетади (қаранг Қон яратилиши). 1 мкл қонда, одатда, 4000—9000 лейкоцит бўлади. Улар сони кун бўйи ўзгариб туради, масалан, эрталаб Лейкоцитларкам бўлса, тушдан кейин кўпаяди. Лейкоцитларнинг айрим турлари процент жиҳатдан муайян нисбатда бўлади (аҳёнда ўзгариши ҳам мумкин), бу нисбат лейкоцитар формула деб аталади. Лейкоцитлар сонининг ортиб кетиши (9000 дан ортиқ) лейкоцитоз, камайиши (4000 дан кам) лейкопения дейилади. Лимфоцитлар ва моноцитлар ҳам Лейкоцитларнинг бир тури—агранулоцитларга (донасиз Лейкоцитларга) киради. Иммунитет вужудга келишида лимфоцитларнинг роли катта; улар токсинларни зарарсизлантиради ва антителолар ҳосил бўлишида қатнашади.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |