Лигнин (лот лигнум — дарахт, ёғоч) — табиий мураккаб полимер модда. Мол. м. 1000 дан 150000 гача, зичлиги 1250–1450 кг/м3. Томирли ўсимликларнинг ҳужайраларида бўлади. Л. ҳужайра қобиқларида тўпланиб ҳужайрани ёғочлантиради ва уни мустаҳкам қилади. Кенг баргли дарахтлар таркибида 20— 30%, игна баргли дарахтлар таркибида 50% гача Л. бор. Л. молекуласи ароматик спиртларнинг полимерланишида ҳосил бўлган моддалардан иборат. Л. сариқжигарранг аморф модда, сув ва органик эритувчиларда эримайди. Л. қуйидагича ҳосил бўлади: шиким кислота - фенилаланин - долчин кислота - ферул кислота - кониферил спирт - Л. Л. селлюлоза ва гидролиз саноатида чиқинди маҳсулот ҳисобланади. Ёқилғи, донадор фаол кўмир, ғовак ғишт, ўғит, тўлдирувчилар, мас, пластмасса ишлаб чиқаришда хом ашё сифатида ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил