Логопедия (логос ва юнонча. Паидеиа — тарбиялаш, ўқитиш) — педогогика фани тармоғи; нутқдаги камчиликлар (дудуқланиш, тил ривожланмаганлиги, ўқиш ва ёзувдаги нуқсон ва бошқалар) сабаблари, уларнинг олдини олиш, тузатиш йўлларини ҳамда нутқ фаолияти бузилиши механизмлари, аломатларини махсус таълим ва тарбия воситасида ўрганади.

Логопедия фани тарихи

Нутқдаги нуқсонларни тузатиш масалалари дастлаб ХВИИ асрда Европа мамлакатларида сурдопедагогикага оид илмий ишларда татбиқ этила бошлаган. ХИХ аср 2-ярмидан бу соҳага мустақил равишда, аммо тиббиёт нуқтаи назаридан ёндашилди. Аста-секин нутқ фаолиятининг табиати ҳақидаги илмий тасаввур кенгая бориб, Логопедия йўналиши тубдан ўзгарди, педагогик мазмун биринчи ўринга қўйиладиган бўлди. ХХ асрга келиб Логопедия мустақил фан сифатида шаклланди, унинг мақсад ва вазифалари, методик асос ва тамойиллари, бошқа фанлар билан алоқаси масалалари ишлаб чиқилди. Замонавий логопедия мактабгача ёшдаги болалар логопедияси, мактаб ёшидаги болалар Логопедияси, ўсмирлар ва катта ёшдагилар логопедиясига бўлинади.

Фаннинг мақсади

Логопедиянинг асосий мақсади нутқида нуқсони бор шахсларни ўқитиш, тарбиялаш ва қайта тарбиялашнинг илмий асосланган тизимини ишлаб чиқиш, шунингдек, нутқ нуқсонининг олдини олишдан иборатдир. Логопедия фан сифатида катта назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлиб, у тилнинг, нутқнинг ижтимоий моҳияти, боланинг талаффузи, лексик-грамматик тузуми, тафаккури ва бутун руҳий фаолияти узвий боғлиқлиги билан белгиланади.

Вазифалари

Логопедиянинг асосий вазифалари; нутқ бузилишининг турли шаклларида нутқ фаолияти онтогенезини ўрганиш, нутқ бузилишларининг кенг тарқалгани, келиб чиқиш сабаблари, механизмлари, тузилиши, аломатлари ва даражаларини аниқлаш; нутқий фаолияти бузилган болаларнинг ўз-ўзидан ва бирор мақсадга қаратилган ривожланиш динамикасини, шунингдек, нутқий заифликни уларнинг шахс сифатида етишувига, руҳий ривожланишига, турли кўринишдаги фаолиятларини намоён қилишга, ўзларини тутишларига таъсирини аниқлаш; ривожланишда турли хил фарқлар бўлган болаларда (эшитиш, кўриш, фикрлаш қобилияти ҳамда таянч-ҳаракат аппаратининг бузилиши ҳолларида) нутқнинг шаклланиши ва бузилишлари хусусиятларини ўрганиш; нутқ бузилишларининг педагогик диагностикаси методларини ишлаб чиқиш; нутқ бузилишларини тартибга солиш; нутқ бузилишини бартараф этиш тамойиллари, дифференсиялашган метод ва воситаларини ишлаб чиқиш; нутқ бузилишининг олдини олиш методларини такомиллаштириш; логопедик ёрдамни ташкил этиш масалаларини ишлаб чиқиш. Логопедиянинг юқорида кўрсатилган вазифаларида унинг назарий ва амалий йўналишлари белгилаб берилган.

Логопедия назарий йўналиши нутқдаги бузилишларни ўрганиш, унинг сабабларини аниқлаш, олдини олиш ва тузатишнинг илмий асосланган методларини ишлаб чиқиш, амалий йўналиши эса ана шу методларни тезроқ татбиқ этиб, мазкур нуқсонлар ва уларни келтириб чиқарадиган сабабларни бартараф этишдан иборат. Логопедиянинг назарий ва амалий вазифалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир.

Логопедлар маълум қилишича, нутқдаги камчиликларнинг пайдо бўлиши, табиати, инсон руҳиятига таъсири турлича бўлади. Масалан Алалия, Афазия, Дудуқланиш, Дизартрия каби нутқ нуқсонлари билиш жараёнини, атрофдаги кишилар билан муомалани қийинлаштиради. Бу нарса боланинг фаолиятида, юриш-туришида акс этади. Оғир нутқий бузилишлар эса инсоннинг ақлий ривожланишига, айниқса, олий билиш фаолияти даражаларига, шахснинг шаклланишига таъсир этади, унинг ҳарактеридаги тортинчоқлик, қатъияцизлик, одамовилик, номукаммаллик туйғуси каби салбий хусусиятларни келтириб чиқаради. Логопедиянинг аҳамияти боланинг нутқидаги нуқсонларни бартараф этиб, унинг ҳар томонлама баркамол ривожланишини таъминлашдан иборат.

Логопедия нутқ бузилишини ўрганиш ва тузатишда нутқ билан фикрнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги, бола ривожланишида умумий ва махсус қонуниятларнинг ўзаро муносабати тўғрисидаги назарий қоидаларга, нутқ ва фаолиятнинг ҳамоҳанг ривожланиши ҳамда руҳий камолотга эришишнинг ҳаракатлантирувчи кучлари ҳақидаги назарияга таянади. Логопедия умумий анатомия ва физиология, нутқ механизмлари, нутқ жараёнининг бош мияда содир бўлиши ҳақидаги, нутқ фаолиятида иштирок этадиган анализаторларнинг тузилиши ва ҳаракатга келиши тўғрисидаги билимлардан фойдаланади. Нутқдаги нуқсонларнинг аломатларини, уларнинг этиологияси, механизмлари, нутқ фаолияти бузилиши таркибида нутқий аломат билан нутқсиз аломатнинг муносабатини билиш учун логопедия бошқа фанлар билан бўғлиқ ҳолда ўрганилади: тилшунослик, оториноларингология, психолингвистика, умумий ва махсус психология, психодиагностика, невропатология, психопатология, олигофрения клиникаси, педиатрия билан узвий алоқада ишлайди. Нутқ ва эшитиш аъзоларининг патологияси нутқдаги бузилиш этиологиясини аниқлашдан ташқари тиббий таъсир воситасида бўладиган логопедик ишларни тўғри қўшиб олиб бориш учун ҳам имкон беради. Ўзбекистонда ёрдамчи мактаблар, болалар поликлиникалари, болалар боғчалари ва бошқа муассасаларда логопедик ёрдам кўрсатилади. Асосийси, нутқида нуқсони бор болалар учун алоҳида боғчалар, махсус мактаблар мавжуд.

Манбалар