Лок (нем. Лаcк), лак — сиртга суртилганда қотиб, ялтироқ қаттиқ парда ҳосил қилувчи органик моддалар аралашмаси, суюқликлар. Таркибида парда ҳосил қилувчи ва эритувчи моддалардан ташқари, кўпинча, пластификаторлар, катализаторлар ва парда ҳосил бўлишини тезлатадиган моддалар (металл тузлари, органик пероксидлар) бор. Л. сифати унинг ранги, тозалиги, ёпишқоқлиги, парда ҳосил қилувчи (учмайдиган) моддалар миқдорига, қуриш тезлигига, ҳосил бўлган парданинг ялтироқлиги, қаттиқлиги, эластиклиги, чўзилувчанлигига, шунингдек, ишқаланишга, зарбага, атмосфера ва агрессив муҳит таъсирига чидамлилиги, сув ва газ ўтказмаслигига қараб белгиланади. Электроизолясион Л. пардаси тешувчи кучланишга, солиштирма ва ҳажмий қаршилигига, солиштирма сирт қаршилиги ва диэлектрик сарф (йўқотиш) миқдорига қараб ҳам баҳоланади. Сиртга Л. чўтка, жўва билан суркалади, пуркалади ёки бўяладиган буюм Л.га ботирилади, баъзан Л. буюмга қуйилади. Л.нинг хусусияти ва буюмларнинг турига қараб бўяшнинг маъқул усули танланади.

Л. парда ҳосил қилувчи модданинг кимёвий табиатига кўра, 3 га бўлинади: мойли Л., смолали Л., эфироцеллюлоза Л. Мойли лаклар—ўсимлик ёғлари ва табиий ёки синтетик смолалар аралашмаси бўлиб, уларни турли усуллар билан суртиш мумкин. Мойли Л.ни олиш 4 босқич (мойни тайёрлаш; смолани эритиш, Л. асосини олиш ва унга эритувчи қўшиш; сен-трифугалаш ва тиндириш)дан иборат. Асосан, электроизолясион ва ҳимоя қопламалар ҳосил қилиш учун тунукани бўяшда (консерва банкаси ясаш учун) ишлатилади. Смолали лаклар — табиий ёки синтетик смолаларнинг учувчан эритувчилардаги эритмаси. Смолали Л.нинг кўпчилигида эритувчи сифатида спирт ишлатилади. Ҳозир синтетик (айниқса, винил) полимерлар ва сополимерлар асосида перхлорвинил, полиэфир, полиэфиракрилат, полиуретан, эпоксид, меламинфор-малдегид ва мочевина-формалдегид, дивинилацетилен ва кремниёрганик Л. кўплаб ишлаб чиқарилмоқда. Улар иссиқ ва совуққа, кимёвий таъсирларга, агрессив муҳитга чидамли бўлгани учун самолётлар, автомобиллар, кимёвий жиҳозлар, ёғоч, резина, тери, пластмассалар, синтетик газламалар, мис симлар, металлар сиртларини, шиша, керамика ва бошқа буюмларни бўяш учун ишлатилади. Эфироселлюлоза локлар — эфир селлюлозасининг учувчан эритувчилар билан ҳосил қилган эритмаси. Таркибида смола ва пластификаторлар ҳам мавжуд. Улар, одатда, материалларга пуркалади; хона ҳароратида тез қурийди. Ёғоч ва металл буюмлар, тери, қоғоз ва газламаларни бўяшда, шунингдек, эмал бўёқлар тайёрлашда ишлатилади.

Сталина Қосимова.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил