Лойқа, балчиқ — 1) сув ҳавзаларидаги жуда майда дисперс зарралардан иборат лойсимон чўкинди. У сувнинг секин оқиши натижасида дарё, канал, сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари тубида ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари суғорилгандан сўнг даланинг этак қисмида йиғилиб қолади. Пайдо бўлиш жойига кўра, кул, дарё ва бошқа сув ҳавзаси Л.лари, таркибига кўра эса, диатомли, радиолярияли, оҳакли ва бошқа Л.лар фарқланади; 2) (тупроқшуносликда) тупроқ қаттиқ фазаси механик элементларининг диаметри 0,001 — 0,002 мм дан йирик бўлмаган кисми. Л. тоғ жинслари ва улар таркибига кирувчи минералларнинг нураши, шунингдек, тупроқ пайдо бўлиш жараёнида вужудга келади. Ётқизиқларнинг таркиби ва рангига кура, Л. қизғиш, яшилроқ ва бошқа тусда бўлади. Л. амалда ўзидан сувни деярли утказмайди, лекин унда капилляр найлар орқали сув кўтара олиш хусусияти юқори, шунингдек, куп миқдорда нам тутиб қолиш, бўкиш, қовушқоклик ва ёпишқоқлик хоссаларига эга. Қуриганда эса утириб, ҳажми кичраяди. Л.да чиринди, озиқ моддалар, макро- ва микроэлементлар, айниқса, азот куп. Тупроқда Л. қанча кўп булса, унга ишлов бериш шунча қийинлашади. Л. заррачалари тупроқнинг физик ва физик-кимёвий хоссалари — сингдириш, илашувчанлик, сув ўтказувчанлик, ёпишқоқлик ва бошқаларга катта таъсир курсатади. Ўрта Осиёнинг суғориладиган деҳқончилик минтақалари тупроқларидаги Л. миқдори турлича: енгил (қумли, қумлоқи) механик таркибли тупроқларда 5—8%, енгил қумокди ерларда 10—12%, уртача ва оғир қумоқли ерларда 14—22%, ишлов бериш оғир бўлган соз механик таркибли тупроқларда эса 20—25% дан 30—40% гача. Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириладиган ўтлоқи, ботқоқи-ўтлоки, айниқса, боткоқи, тақирли, тақир-ўтлоқи тупроқларда ҳамда тақирларда Л.нинг миқдори юқори (20—30%). Шунинг учун бу тупроқлар суғориш ва ишлов бериш таъсирида зичланиш ҳамда қатқалоқ ҳосил қилишга жуда мойил.

Баъзи кўл ва бошқа сув ҳавзасининг Л.лари қишлоқ хўжалиги экинларига ўғит ва минерал озуқа сифатида ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил