Луқмон — Қуръонда тилга олинган донишманд (31-Луқмон сураси). Аллоҳ у зотга нарса ва воқеа ҳодисаларнинг моҳият — ҳақиқатига бехато етиш ва энг тўғри ҳукм чиқара олиш неъматини, яъни ҳикматни ато этган экан. Қуръонда Луқмоннинг ўғлига қилган панд-насиҳатлари (Аллоҳга ширк келтирмаслик, яхши амаллар қилиш, намоз ўқиш, сабр-тоқатли бўлиш, кибр-ҳаволи, мақтанчоқ бўлмаслик кабилар) келтирилади.

Луқмон ҳақида ривоятлар кўп. Шулардан бирига кўра, Луқмон Од қавмидан бўлиб, уни Луқмон ибн Од деб аташган. айтилишича, Арабистонда яшаган ана шу халқ Аллоҳнинг ғазабига учраб қурғоқчиликка дучор бўлади. Халқ бу офатдан қутулиш мақсадида ўз вакилларини Маккага ёмғир сўраб дуо ўқиш учун юборади. Уларга Луқмон бошлиқ бўлади, лекин у Аллоҳдан ўзига узоқ умр сўрайди. Аллоҳ Луқмонга еттита бургут умрига тенг келадиган узоқ умр ато этади.

Ўрта Осиё халқлари орасида Луқмон буюк ҳаким, доно, билимдон инсон сифатида машҳур бўлган. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил