Люк (голландча луик — тешик) — 1) агрегат, машина, иншоотлар ва бошқалардаги туйнук; уларнинг ичига шу туйнук орқали кирилади. Л. ҳар доим ёпиқ тура-ди ва юқорида айтилган объектлар ичига кириш зарурияти туғилгандагина очилади. Объектнинг катта-кичиклигига қараб, Л.нинг ўлчами ҳам ҳар хил бўлади. Мас, космик кема, самолёт фюзеляжвдаги, саноат корхоналарининг поли ва деворларидаги, водопровод, газ, канализация, телефон тармоғи қудуғидаги ва бошқа туйнуклар Л. ҳисобланади. Бундай Л.дар одамнинг кириб-чиқиши, юк ортиш-тушириш, ҳаво кириши, ёруғлик ўтиши учун мўлжалланади; 2) оптикада — оптик тизимнинг кузатув майдони доирасини анча торайтирадиган тешик (диафрагма) ёки шундай тешикнинг оптик тасвири. Агар кузатув майдонининг диафрагмаси оптик тизим олдида жойлашган бўлса, у шу тизимнинг кириш Л. и, унинг оптик тасвири эса чиқиш Л. и деб аталади. Оптик тизим орқасида жойлашган диафрагма чиқиш Л. и, унинг оптик тасвири эса кириш Л. и бўлади; 3) кема бортидаги артиллерия қуролининг учи чиқиб турадиган тешик.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил