Машина таржимаси – бир табиий тилдан иккинчи тилга матнни рақамли ҳисоблаш машиналари ва компютерлар ёрдамида таржима қилиш. ЭҲМ ва компютерлар учун дастурлар тузиш, математик лингвистика ва амалий лингвистика каби йўналишлар билан чамбарчас боғлиқ. Машина таржимаси тизимини яратиш илмий тадқиқотлар маҳсули ҳисобланади.

Машина таржимаси ғоясини биринчи бўлиб франсуз ихтирочиси Ж. Арсруни ва ундан мустақил равишда рус ихтирочиси П. П. Смирнов-Троянскийлар 1933-йил илгари суришган. Лекин у, асосан, ХХ аср 40— 50-йилларида ривожланган. Машина таржимаси жараёни матнни таржима қилиш учун уни таҳлил этиш, яъни морфологик, синтактик нуқтаи назаридан ўрганиб чиқишни тақозо қилади.

Машина таржимаси тизими учун маълумотлар билан таъминлашнинг ушбу 5 тури зарур: лингвистик таъминот (матнни тахлил ва синтез қилиш учун грамматик ҳамда семантик маълумотларни берувчи автоматик луғатлар); математик-алгоритмик таъминот (матнга ишлов бериш алгоритмлари ва маълумотлар ва алгоритмларни қайд қилиш учун қоидалар тизими), дастурий таъминот (таржима алгоритмини амалга оширувчи ва қўшимча дастурлар), информацион таъминот (тегишли фан соҳаларига доир маълумотлар базаси) ҳамда мантиқий таъминот (матнни фан соҳасига доир маълумотлар билан таққослаш учун мантикий хулосалар усуллари) зарур бўлади.

Машина таржимаси тизимида қайси тилдан қайси тилга таржима килинса, ўша тилларнинг ҳам грамматик, ҳам семантик, имловий хусусиятларини акс эттирадиган махсус дастур тузиб олиш керак бўлади. Зарур ҳолларда Машина таржимаси ишига инсон-муҳаррир ҳам аралашади.

Машина таржимаси тизими кирувчи ва чиқувчи тилларнинг лингвистик тавсифи (яъни барча даражадаги автоматик луғатлар ва шартли грамматика) ва алгоритм (яъни бу луғатлар ва грамматикадан фойдаланишга доир йўл-йўрикдар) дан иборат. Таржима шу асосга асосланиб бажарилади. Машина таржимасида асосий кирувчи тиллар – инглиз, франсуз, рус тиллари; чикувчи тиллар – ўзбек, немис, япон, чех ва бошқа тиллар. Агар махсус дастурлар тузилса, аксинча (мас, ўзбек тилидан рус тилига) таржима қилиш мумкин[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил