Магнитометр (магнит ва … метр) — магнит индуксия, магнит майдон кучланганлиги ва доимий магнитларнинг магнит моментларини ўлчаш учун мўлжалланган асбоб. Магнитомеханик, электромагнит, индуксион ва феррозонд М.лар бор. Магнитомеханик М.да ўлчанаётган магнит майдонда 2 доимий магнит ўзаро таъсирлашади, натижада улардан бири муайян бурчакка оғади. Бундай М. мутлақ (мас, магнит теодолит) ва нисбий (мас, кварс асбоб) ўлчашлар учун қўлланади. Электромагнит М.да текширилаётган магнит майдон ғалтакдаги электр токи магнит майдони билан таққосланади. Индуксион М.нинг иши электромагнит индуксия ҳодисасига асосланган. Феррозонд М.нинг иши ўзгарувчан ток ўтадиган чулғамли ўзакнинг магнит ўтказувчанлиги ўлчанаётган магнит майдон таъсирида ўзгариши ҳодисасига асосланган. М. ёрдамида Ер ва бошқа сайёраларнинг магнит майдони ўлчанади, магнит ўзгаришларига доир ҳодисалар ўрганилади, фойдали қазилма конлари қидирилади; магнит материалларнинг хоссалари ўлчанади ва бошқа илмий ҳамда амалий ишлар бажарилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил