Маҳалла – Ўзбекистонда ва бошқа кўплаб мамлакатларда маъмурий-ҳудудий бирлик. Маҳалла атамаси арабча бўлиб, „ўрин-жой“ деган маънони англатади. Маҳалла турли минтақаларда маҳаллот (жой), гузар, жамоа, элат, элод номларда аталиб келинган. Ҳозирги кунда турли маъмурий бирликлар, жумладан, округ, шаҳар тумани маъноларида ишлатилади.

Ўзбекситонда

Маҳалла тарихи қадим замонларга бориб тақалади. Тарихий манбаларда қайд этилишича, жез даврининг ёдгорлиги бўлган Сополлитепапя 8 та оила яшаган. Уларни фақат уруғ жамоасигина эмас, балки ишлаб чиқариш манфаатлари ҳам бирлаштириб турган. Кейинчалик уларнинг сафига патриархал тизим асосида 100 дан ортиқ оилалар келиб қўшилган. Катта оилалар жамоасини улар орасидан сайланган оқсоқол бошқарган. Оқсоқоллар ўз навбатида олий оқсоқоллар кенгашига бирлашган. Оқсоқоллар, одатда, жамоа – қишлоқ ҳаёти билан боғлиқ барча масалаларни олий кенгаш орқали ҳал қилишган. Милоддан аввалги ИИИ асрдан милодий В асрнинг бошларигача Фарғона (Паркана) давлатида ҳам оқсоқоллар кенгаши муҳим вази-фаларни ҳал этган. Кенгаш, асосан, сулҳ тузиш, вазирлар таркиби ва солиқларни тайинлаш, уруш эълон қилиш, жамоа ишларига сафарбар этиш каби масалалар билан шуғулланган.

Адабиётларда М.ларнинг кўп минг йиллик тарихга эга эканлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Масалан, Наршахий ўзининг „Бухоро тарихи“ асарида Бухорода бундан 1100-йил илгари бир қанча маҳаллалар бўлганини қайд этиб ўтган. Алишер Навоий ўзининг „Ҳайрат ул-аброр“ асарида маҳаллани „маҳалла шаҳар ичидаги шаҳарча“дир деб таърифлайди, Ҳирот шаҳри юз шаҳарча аҳамиятига эга бўлган маҳаллалардан ташкил топганини айтиб ўтади. Маҳаллалар, айниқса, Амир Темур даврида равнақ топган. Бу даврда маҳаллалар фуқароларнинг касбкори асосида шаклланган ва шунга қараб номланган. Масалан, заргарлик, мисгарлик, кўнчилик, пичоқчилик, қошиқчилик, темирчи, эгарчи, тақачи ва ҳоказо. Маҳалла қадимда маҳаллий ҳокимиятнинг ўзига хос бир шакли, кўриниши тарзида фаолият кўрсатган. Уни бошқариш жамоатчилик асосида олиб борилиб, ўзининг ёзилмаган ички тартиб-қоидаларига эга бўлиб, у ҳамма учун бирдек қонуний ҳисобланган.

Маҳалла кичик маъмурий ҳудуд бўлиши билан бирга, турмуш тарзи, қадриятлар, анъаналар, урф-одатлар умумийлиги билан боғланган кишилар жамоаси бирлигидир. Тарихнинг турли босқичларида даврлар, тузумлар ўзгаришига қараб М.нинг вазифалари ҳам ўзгариб турган.

ХХ асрнинг бошларидаёқ Маҳаллалар даҳа бошлиқлари – мингбошилар сайлайдиган юзбоши (оқсоқоллар) томонидан бошқарилган. Юзбоши ва унинг ёрдамчилари Маҳалладаги барча жамоат ишлари ва маросимларни бошқарган. Шунингдек, фуқароларнинг шаҳар йиғинлари ва шаҳар муассасаларида М. манфаатларини ҳимоя қилган.

Маҳалланинг асосий вазифалари: маросимларни бирга ўтказиш, ўз ҳудудини батартиб сақлаш ва ободонлаштириш, ёш авлодни ижтимоий руҳда тарбиялаш, жамият ҳаётида тартиб сақланишини таъминлаш, барча анъанавий меъёрларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш, урф-одатларга риоя қилиш ва уларни бузган, жамоат маж-буриятларидан бўйин товлаганларни жазолашдан иборат бўлган. М. раҳбари-яти ариқ-ҳовузларни тозалаш, кўчалар, йўллар қуриш ва М. ободончилиги билан боғлиқ бошқа жамоат ишларини уюштирганлар. Бу ишларнинг барчаси бирга ҳашар йўли билан амалга оширилган.

Маҳалла жамиятнинг тузилмаси сифатида тарихан бир қанча ривожланиш босқичларини босиб ўтди. У ХХ асрнинг 1-чорагида ўзининг анъанавий шаклини олди.

Совет ҳукумати маҳаллаларга ўз умрини яшаб бўлган ўтмиш сарқити сифатида қаради. Шундан келиб чиқиб, у анъанавий миллий бошқарувларни бекор қилиш йўли билан бу ерда саноатлашган жамиятни қарор топтириш сиёсатини жорий этишга киришди. 20-йиллар бошларидан совет ҳукумати маҳаллалар вазифасини чеклаш, ўзига бўйсундиришга интилди. Бироқ маҳаллалар ўзининг яшовчанлигини намоён этиб, анъанавий ҳаёт ва алоқа тарзига қарши ҳар қандай ҳужумларга ва уларни йўқотиш йўлидаги уринишларга дош берди. У илгариги ҳаёт тарзи, урф-одат ва расмрусумларни сақлаб қолди.

1932-йил 17-апрелда Ўзбекистонда биринчи маротаба шаҳарлардаги „Маҳалла қўмиталари тўғрисида“ Низом қабул қилинди. 1935—36 йилларда маҳаллаларда оқсоқол бошчилигида Маҳалла қўмиталари ташкил этилиб, аҳоли ўртасида олиб бориладиган барча ишларни раис бошқарган.

1961-йил августда Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан чиқарилган „Республика шаҳар, қишлоқ, посёлкаларидаги ва овулларидаги М. қўмиталари тўғрисида“ги Низомда ҳам маҳаллага юридик шахс мақоми берилмаган эди. Маҳалла қўмиталари бирон-бир молиявий хўжалик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас, улар олдисотди, ижарага бериш ишларини бажаришда қатнашишлари мумкин бўлмаган. Маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатлари чекланган эди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, М.ларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига ва 1993-йил сентабрда қабул қилинган „Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида“ги қонунга биноан, М.лар ўз ҳуқуқий мақомига эга бўлиб, маҳаллий ҳокимият таркибига кирди. Маҳаллалар давлатнинг жойлардаги муҳим таянчи, юридик шахс сифатида ўз мол-мулкига, молиявий бюджетига, банкдаги ҳисобкитоб рақамига – жамғармасига эгадир. Бу қонунга асосан, ҳар бир М. ўз ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиши, кичик корхоналар очиши, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни сотиши, унинг бир қисмини М.даги эҳтиёжмандларга бепул тарқатиши, ўз ҳудудидаги аҳолини иш билан таъминлаши, аҳолига маданиймаиший хизмат кўрсатиши мумкин.

Ҳозирги пайтда М.ларнинг бозор иқтисодиёти қонунлари асосида, ўз фаолиятларини ташкил этишлари учун барча имкониятлар яратилди. Улар, тўймаърака маросимларини ўтказиш, ҳашарлар уюштириш, оилавий низоларни бартараф этиш, беморлар ҳолидан хабар олиш ишлари билан шуғулланади. Кўпчилик М.ларнинг ўз масжиди бор, турли маъракалар учун керакли ашёлар (дошқозон, идиштовоқ, чойнак-пиёла, тобут ва бошқалар) мавжуд. 90-йилларда М. ҳокимиятнинг расман қуйи юридик органига айланди. М. вазифалари анча кенгайди, у демократик давлатнинг энг муҳим бўғинларидан бири.

М. ва унинг аҳолисининг ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам маданий юксалишига ҳар томонлама ёрдам бериш, миллий анъана ва урф-одатларни бойитиш, М. қўмиталари ишларини мувофиклаштириш, М.лардаги кам таъминланган оилалар, кексалар, фахрийлар, ногиронлар, кўп болали оилалар, етим-есирлар, байналмилалчилар манфа-атларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида 1993-йил 17-августда Ўзбекистон „Маҳалла“ хайрия жамғармаси ташкил этидси. „Маҳалла“ газетаси чиқа бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов М.нинг ҳозирги замон жамиятидаги моҳияти ва аҳамиятига қуйидагича баҳо беради: „Ўз-ўзини бошқаришнинг халқимиз анъаналари ва қадриятларига жуда хос бўлган усули – маҳаллалар тизими сўнгги йилларда жуда катта нуфузга эга бўлиб бормоқда. Улар амалда ўз ҳуқуқларидаги барча ишлар учун масъулдирлар. Зеро, маҳалланинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Унинг нуфузини кўтариш, билингки, нафақат иқтисодий, нафақат ижтимоий, балки бу сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масаладир. Биз маҳаллаларга шу нуқтаи назардан қарашимиз лозим“.

Ҳар бир М. аниқ ташкилий тузилмага эга. Унга М.нинг умумий йиғилишида сайланадиган М. кенгаши раҳбарлик қилади. Кенгаш ўз таркибидан расман М. йиғини раиси (оқсоқол)ни, ўринбосари ва котибини сайлайди. Бундан ташқари, М. кенгашига кекса, тажрибали кишилардан М. оқсоқоли маслаҳатчилари ҳам сайланади. Кенгаш ҳузурида тўй маросимларини ўтказиш, хотинқизлар, ёшлар, уруш ва меҳнат фахрийлари билан иш олиб борувчи, жамоат тартибини сақлаш, ободонлаштириш, турар жой фондларини сақлаш ва ҳоказо бўйича комиссиялар тузилади.

М. раҳбарияти 2,5 йилга сайланади ва ҳар йили аҳоли олдида ҳисобот беради. Жорий масалаларни ҳал этиш учун М. кенгаши ойда бир марта йиғилади. Эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс мақомига эга бўлиб, белгиланган намунадаги муҳрга эга ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида рўйхатга олинади.

1998-йил 23-апрелда Ўзбекистон Республикаси „Президентининг Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш ҳақида“ги фармонига кўра, М. раҳбариятининг (раис, котиб) фаоллигини ошириш, ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллабқувватлаш мақсадида уларнинг иш ҳақи оширилди, пенсионер раисларга пенсияни тўлиқ олишларига ижозат берилди. Натижада М. раҳбариятининг манфаатдорлиги ва нуфузи ортди.

Фуқаролик жамиятини қуриш, албатта, кучли давлатдан кучли жамият сари босқичма-босқич ўтиш орқали рўй беради. 1999-йил 14-апрелда Ўзбекистон Рес-публикасининг „Фуқароларнинг ўзўзини бошқариш органлари ҳақида“ги (янги таҳрирда) қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун фуқароларнинг ўзиниўзи бошқариш органлари фаолиятида туб бурилиш ясади. Янги таҳрирдаги қонуннинг 7-моддасига асосан, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари таркибига кирмайди деб тўғридан-тўғри белгилаб қўйилди.

Юқорида санаб ўтилган вазифалардан ташқари, янги вазифалар юклатилган. У ўз ҳудудида савдо ва маиший хизматни, санитария ва экологик ҳолатни назорат қилишга кўмаклашади, ёнғин хавфсизлиги, турар жой фондини сақлаш, аҳолидан солиқ ва мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўшишини таъминлашга ёрдам беради. Ана шу пул маблағлари тушумининг муайян миқдори ўз-ўзини бошқариш органлари жамғармасига ўтказилади. Бу маблағ кам таъминланган оилаларнинг уй-жой, коммунал хизматлари тўловларига, шунингдек, М.ни ободонлаштиришга сарфланади. Эндиликда, ҳар бир М. ўз маданий марказини, гузарини қуриб, шу ерда чойхона, новвойхона, дўкон, маиший хизмат шохобчалари, турли спорт ўйинлари масканини барпо этмоқда. М. қўмитаси ташаббускор жамоат ташкилотидир. М.да хўжаликмаданий қурилиш тадбирларини амалга ошириш, унинг ҳудудини ободонлаштириш, уй-жойларни ва ҳудуддаги шаҳар хўжалигини сақлаш, озодаликни таъмин этиш, тартибқоидани мустаҳкамлаш ва ҳоказо учун шароит мавжуд. М.ларнинг аҳамияти мустақиллик шароитида кун сайин ўсиб бормоқда.

2003-йил Ўзбекистонда „Обод маҳалла йили“деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2003-йил 7-февралда қабул қилган „Обод маҳалла йили“ дастурига биноан, М. нуфузини кўтаришга қаратилган муҳим вазифалар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасида жами 9627 фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатади, шулардан 6855 таси юридик шахс мақомига эга.

Маҳаллаларни идентификациялаш жараёни

2021-йил 5-март куни Вазирлар Маҳкамисининг „Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникасия технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистонда ҳар бир маҳалланинг ИД идентификасия рақами ва ҳудудий чегараси кўрсатилган ягона электрон маълумотлар базаси жорий этилди. 2021-йил 1-апрелгача қуйидагилар ишлаб чиқилиб, жорий этилди:

  • ҳар бир маҳалланинг ИД идентификасия рақами ва ҳудудий чегараси кўрсатилган ягона электрон маълумотлар базаси;
  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ота-оналар ҳамда васийликка ва ҳомийликка олинган болалар ва оилага тарбияга берилган (патронат) болалар бўйича электрон маълумотлар базаси;
  • давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар бўйича тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган ягона электрон ахборот тизими;
  • фуқароларнинг автотранспорт воситалари созлиги ёки носозлиги бўйича электрон маълумотлар базаси[1].

Адабиётлар

  • Каримов И. А., Биздан озод ваобод Ватан қолсин, Т., 1996; Малицкий Н. Г., Тошкент маҳалла ва мавзелари, Т., 1996; Маҳалла: ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқий кафолати (қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар тўплами), Т., 1999; Тошкент маҳаллалари: анъаналар ва замонавийлик, Т., 2002.

Даврон Шораҳмедов.[2]

Манбалар

  1. ↑ „Ўзбекистонда ҳар бир маҳалланинг ИД идентификация рақами ва ягона электрон маълумотлар базаси жорий этилади“. Бугун.уз. 2021-йил 15-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021 йил 6 март. (Wайбаcк Мачине сайтида 2021-07-15 санасида архивланган)
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил