Mahbus
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Маҳбус — эҳтиёт чораси тартибида қамоққа олинган шахс. Ўзбекистонда умумий қоидаги биноан, шахс айбланаётган жинояти учун 3 йилдан, вояга етмаган бўлса, 5 йилдан зиёд озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш кўзда тутилган ва унга нисбатан бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш имкони бўлмаган айрим ҳоллардагина қамалиши мумкин (ЖПК, 242модда). М. қамоқда 3 ой сақланади. Бу муҳлатда ишни тамомлаш имкони бўлмаса, қамоқ муддати тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокурорининг рухсати билан — 5 ойгача, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг рухсати билан — 7 ойгача, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан — 9 ойгача, алоҳида ҳолларда тергов қилинаётган ишнинг ўта мураккаблигини инобатга олиб, оғир ва ўта оғир жиноят содир этишда айбланаётганларга нисбатан бир йилгача мухдатга узайтирилиши назарда тутилган. Қамоқ муддатини яна узайтирилишига йўл қўйилмайди (ЖПК, 245модда).
М. дастлабки қамоқ жойларида сақланади ва қонун бўйича чекланган ҳуқуқларга эга. М. унга белгиланган тартибда юборилган пулни олиш, нақд пул тўламасдан қилинадиган ҳисоб-китоб асосида озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни харид қилиш, жиноят ишига оид ҳужжат ва ёзувларни ўз ёнида сақлаш, қамоқхона кутубхонасидаги китоблардан фойдаланиш ҳуқуқига эга; ишини юритаётган тегишли орган ёки шахсдан ижозат олиб, ҳар ой бир марта қариндош-уруғлари ёки бошқа шахслар билан кўриша олади; ёзишмаларга ҳам шу тартибда рухсат этилади. М. истаган вақтида адвокат билан холи учрашишга ҳақли. М. суриштирув, тергов, прокуратура ёки суд органларининг рухсати ҳамда ўзининг розилиги билан меҳнатга жалб қилиниши мумкин. Қамоқда қонунга хилоф равишда сақлаб турилгани туфайли М.га етказилган зарар қопланади. М. атамаси баъзан қамоқда бўлган ҳамма шахсларга, жумладан, суднинг ҳукми билан жазо муддатини ўтаётганларга нисбатан ҳам ишлатилади. Юридик жиҳатдан бундай шахслар маҳкум деб ҳисобланиши лозим.
Ғафур Абдумажидов.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |