Mahdiy sulton
Маҳдий султон ибн Бахтиёр султон ибн Хизрхон (? — 1511) — шайбонийлардан. Шайбонийхоннинг жияни, Муҳаммад Шайбонийхон Ясси ва Сабронни олгач, Мовароуннаҳрга юриш қилишдан аввал турли вилоятларга тарқаб кетган шайбоний султонлар қатори Маҳдий султон ва унинг акаси Ҳамза султонни ўз байроғи остига чақиртирган (1495). Маҳдий султон темурийлар қўл остидаги Қоракўл вилояти ҳокими эди. Тахминан 1492–1493-йилларда Маҳдий султон ва Ҳамза султон Шайбонийхонни тарк этиб темурийлардан Султон Маҳмуд Мирзо хизматида бўлганлар. 1495-йил улар Ҳисордан Андижонга Бобур хузурига келишган. Темурийларнинг тахт учун курашида қатнашганлар. 1495-йил Маҳдий султон Шероз ва Канбой атрофидан Султон Али Мирзодан қочиб Самарқандга келган. 1498-йил Бобурнинг Аҳмад Танбалга қарши курашида унга Маҳдий султон ва Ҳамза султонлар ёрдам беришган. 1500-йил Шайбонийхон билан бирга Бобурга қарши Самарқандни олишда қатнашишган. Мовароуннаҳр шайбонийлар қўл остига ўтгач, Шайбонийхон Маҳдий султонга Чағониён ва Ҳамза султонга Ҳисор вилоятини берган (1503).
1509-йил охирида Шайбонийхон Дашти Қипчоққа қозоқ хони Қосимхонга қарши юриш қилган, бироқ шайбоний султонларнинг интизомсизлиги оқибатида мағлубиятга учраган, шу туфайли у Маҳдий султон ва Ҳамза султонлардан Ҳисорни тортиб олган ва уларнинг ўрнига Убайдулла султонни тайинлаган. Бу шайбоний султонларнинг норозилигига сабаб бўлган. 1510-йил Марв яқинида Шайбонийхон Исмоил И Сафавий билан жанг қилиб мағлубиятга учраганида кўпгина шайбоний султонлар қатори Маҳдий султон ҳам унда иштирок этмаган. 1511-йил Бобур Исмоил И Сафавийдан ҳарбий ёрдам олиб Ҳисори Шодмон, Қундуз ва Бағлонга ҳокимлик қилаётган Маҳдий султон ва Ҳамза султонларга қарши юриш қилган ва асир олинган, Маҳдий султон ва Ҳамза султонлар қатл этилган[1].
Манбалар
Адабиётлар
- Мирза Муҳаммад Хайдар, Тарихи Рашиди, Т., 1996;
- Ахмедов Б. А., История Балха, Т., 1982;
- Бобурнома, Т., 1993.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |