Mahmud Said Ahroriy
Маҳмуд Саид Аҳрорий — Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукумати Бухоро ахбори газетасининг дастлабки муҳаррири.
| Маҳмуд Саид Аҳрорий | |
|---|---|
Маҳмуд Саид Аҳрорий | |
| Бухоро ахбори газетасининг дастлабки муҳаррири | |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1895-йил Арабистон |
| Вафоти | 1931-йил |
Таржимайи ҳоли
Маҳмуд Саид Аҳрорий 1895-йилда Арабистоннинг Мадина шаҳрида туғилган.
Аҳрорийнинг отаси Абдурашидхўжанинг келиб чиқиши хўжандлик бўлган, ҳаж зиёратини амалга ошириш мақсадида бориб, Мадина шаҳрида қолиб кетган. Профессор Наим Каримовнинг маълумот беришига қараганда, отаси Абдурашидхўжа 1903—1905-йилларда Мадина шаҳридан Туркияга кўчиб ўтади, Истанбулда яшай бошлайди. Ўғли Муҳаммад Саиднинг замонавий таълим олишини ўйлаб Абдурашидхўжа уни Истанбулдаги гимназияда ўқитган. Муҳаммад Саид олти ойлик ҳарбий курсларда ҳам таҳсил олган. Бу пайтда Биринчи жаҳон уруши бошланиб, Муҳаммад Саид ҳам Усмонли армиясида Дарданел учун олиб борилган жангларда иштирок этган. Жанг вақтида туркиялик бошқа аскарлар билан русларга асирга тушган. Бир неча йиллар Сибир ўрмонларида меҳнат қилган. Муҳаммад Саид 1917-йилда юз берган Феврал инқилобидан кейин Тошкентга келган. Муҳаммад Саид Аҳрорий Тошкентга келиши билан публицист сифатида замоннинг долзарб мавзуларини қаламга олади. У Мадинада туғилиб, Истанбулдаги мактаб ва курсларда турк тилида ўқиган бўлса-да, биринчи мақолаларини соф ўзбек тилида ёзган[1]. Унга ўзбек тилини отаси Абдурашидхўжа ўргатган.
Саид Аҳрорий 1918—1920-йилларда ёзган мақолаларини „Турк сўзи“, „Иштирокиюн“ каби газеталарда чиқарган. 1920-йилга келиб унинг фаолияти Бухоро билан боғланди. Ўша пайтда Ёш бухороликлар ташкилотининг Тошкент бюроси 1920-йилда газета ва журнал нашр этишни йўлга қўйган эди. Жумладан, „Учқун“, „Қутулиш“ газеталари ва „Тонг“ журнали худди шу йили нашр этилган. Саид Аҳрорий ушбу нашрларда фаол иштирок этган. „Учқун“нинг 1-сонида „Золимларга қарши исён“ рукни остида Саид Аҳрорийнинг „Бухоро аскарларига“ мақоласи чоп этилган. Унда муаллиф Бухоро аҳлини золим амирга қарши қўзғолишга чорлаган[2].
1920-йилнинг кузида Бухорога келади ва Ёш бухороликлар партиясига аъзо бўлиб киради. Шу вақтдан бошлаб, БХСРнинг ягона матбуот органи „Бухоро ахбори“ газетасида муҳаррир вазифасида хизмат қилади. 1921-йил июнидан БХСРнинг Озарбайжондаги консули бўлиб ишлади. Бухорога кайтгач, 1923—1924-йиллар давомида „Озод Бухоро“ газетасида мухаррир ўринбосари ва давлат нашриёти раҳбари лавозимларида фаолият юритди. 1925-йилдан Саид Аҳрорий Самарқандда молия-иқтисод техникумида ўқитувчилик қилган. 1930-йил 12-ноябрида айнан шу ерда хибсга олинган. 1931-йил 23-майда Москва шаҳрида РСФСР жиноят мажмуасининг 58-моддаси 4-банди билан отувга ҳукм этилган. Ўлимидан сўнг оқланган[3].
Фаолияти
Тарихчи олим Камол Раҳмонов „Бухоро ахбори“ газетасининг 1-сони 4-саҳифаси охиридаги маълумотдан аниқлашича газетанинг дастлабки муҳаррири маърифатпарвар, матбаачилик соҳасида муайян тажриба орттирган Маҳмуд Саид Аҳрорий ҳисобланади. Саид Аҳрорий муҳаррирлик қилган даврда (1920-йил 9-сентябр—1921-йил 30-июн) „Бухоро ахбори“ бир ойда 4-5 марта, яъни ҳафта давомида бир марта чоп этиб турилган. Газета чоп этиладиган ҳафтанинг аниқ, қатъий белгиланган куни мавжуд бўлмай, баъзи ҳафтада душанба, баъзан чоршанба, баъзи ҳафталарда эса жума кунларига тўғри келган. Саид Аҳрорий муҳаррирлик қилган даврдаги газеталарнинг ўнлаб сонларида бу ҳолатни кўриш мумкин. Бош муҳаррирнинг ташкилотчилик салоҳияти ва хизмати шундаки, у газета атрофида мухбир ҳамда матбаачи мутахассисларни тўплади, улар таркибини шакллантирди. БХСРнинг чекка вилоятларидан хабар тўплаб газетага юбориб турадиган қишлоқ мухбирлари гуруҳини ҳам вужудга келтирди. „Бухоро ахбори“ газетасининг оммавийлиги ва ўқимишлигини таъминлашда бош муҳаррир Саид Аҳрорийнинг долзарб муаммоларга бағишланган ўнлаб мақола ва бадиий ижод намуналари муҳим рол ўйнади. У таҳририятни бошқариш билан бирга газетада бош муҳаррирлик қилган кейинги вакиллардан ўзининг мақоланавислиги ҳамда юксак журналистик маҳорати билан ажралиб турган. Саид Аҳрорий кейинчалик бошқа масъул вазифаларда фаолият юритганига қарамай, „Озод Бухоро“ газетаси саҳифаларида ҳам унинг бир қатор таъсирчан, даврнинг долзарб муаммоларига бағишланган салмоқли мақолалари чоп этилди. Унинг мақолаларида БХСРдаги ижтимоий муаммоларнинг муҳим бўғини бўлган хотин-қизлар масаласи, халқ саломатлиги муаммолари, маориф ва маданиятга тегишли бўлган вазифалар ҳамда ҳукумат органлари ишини такомиллаштириш билан боғлиқ жиҳатлар қамраб олинган. Саид Аҳрорийнинг „Қиш келди, товушсизлар қотмасин“ номли мақоласида БХСРдаги кишиларнинг турмуш тарзи, ижтимоий аҳволи баён қилинади. Мамлакатда 1923-йил қиши қаттиқ келганлиги, бадавлат хонадонларда, корхоналарда яшаётган уй-жойсиз, иқтисодий ночор аҳволда бўлган етим-есир ўғил ва қизлар анча фоизни ташкил қилишини ёзар экан, Саид Аҳрорий бу масалага ҳукумат идораларининг диққатини жалб этади. „Товушсизлар (яъни хўжайин томонидан қувғинга учрамаслик учун товуш чиқаришга журъат қилолмайдиганлар) Шарқдаги мамлакатларда фақат овқат учунгина хизмат қилиб турмайдилар, балки уларга айрим мояна берилмоғи билан баробар йилига икки маротаба ёзлик ва қишлик кийим берилади, ўқитилади, уйлантириладур“, — деб ёзган муаллиф[4].
Манбалар
- ↑ БОЙБЎТА ДЎСТҚОРАЕВ. „CҲЎЛПОН: ГАЗЕТА ЕТТИНCҲИ ДАВЛАТ (2004)“ (2013-йил 25-октябр). Қаралди: 2023-йил 26-июл.
- ↑ „Абдулла Қодирий ше’рияти“ 2. 2023-йил 25-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 26-июл.
- ↑ Иноятов С, Ражабов Қ. Бухоро тарихи. Тошкент: Тафаккур, 2015 — 460-бет.
- ↑ Раҳмонов К. Бухоро Халқ Совет Республикаси тарихи матбуот саҳифаларида. Тошкент: „АБУ МАТБУОТ — КОНСАЛТ“, 2012 — 175-бет.