Маҳзуна (тахаллуси; асл исмшарифи Меҳрибон мулла Бошмон қизи, тахминан 1811, Қўқон — ?) — ўзбек шоираси. Қўқоннинг Қатағон даҳа Мулла Бошмон маҳалласидан бўлиб, отаси маҳалла масжиди имоми Мулла Бошмон Охунддир. Ота-онаси қўлида савод чиқарган, араб, форс тилларини мукаммал ўрганган. Навоий, Жомий, Фу-зулий ва бошқа ижодидан таъсирланган, ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзган. Ҳаёти ва ижоди ҳақида "Мажмуаи шоирон" (Фазлий), "Тазкират уш-шу-аро" (Ҳашмат) тазкираларида айрим маълумотлар учрайди. Фазлий тазкирасида Маҳзунанинг оқила ва ҳозиржавоблиги, Қўқонда машҳур шоира эканлиги айтилган. Ҳашмат, Писандий, тарихчи Аҳмаджон тўралар ҳам Маҳзунанинг баркамол шоиралигини хабар қиладилар. Унинг шеърий қобилияти, шахсий фазилатлари ҳақида энг кўп ва илиқ фикрлар ёзиб қолдирган ягона шоир ҳозирча Фазлийдир. Фазлий: "Гарчи ул заифа бўлса ҳам, нутқининг мазмундорлиги жиҳатидан эркаклардан устундир", дейди. Фазлий билан Маҳзунанинг машҳур мушоираси, "Ошиқ бўлмишам" (ўзбекча) муҳаммаси, "Саҳбо" (форсча) ғазалигина бизгача етиб келган. Девони сақланмаган.

Адабиёт

  • Жалолов Т., Ўзбек шоиралари, Т., 1980; Пўлатжон Домла Қайюмов, Тазкираи Қайюмий, 1дафтар, Т., 1998[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил