Manas Leviyev
Манас (Менаше) Бетянович Левиев (1912.12.7 (25.7), Наманган – 1990.12.05, Тошкент) – композитор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1962), Ўзбекистон халқ артисти (1972). Самарқанд мусиқа ва хореография институтида таълим олган (1930—32), Ленинград консерваториясини тугатган (1944). Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси (1941—42). Л. ижодида ўзбек ва тожик халқлари оҳанглари композиторликка хос кўп овозлик воситалар билан уйғунлашган. Куйлари нафис ва жозибадор, гармонияси оддий ва ширадор бўлиб, деярли барча асарлари ҳаёт-бахш, кўтаринкилик руҳи билан суғорилган. Кўп қиррали ижодида вокал мусиқаси асосий ўрин тутади: „Дилистоним, сен менинг“, „Гўзал тонг“, „Садои булбул“ каби романслари, „Ўзбек қизи овози“, „Ўрик гуллаганда“ сингари қўшиқлари ва бошқа Л. ўзбек мусиқали драмаси ва айниқса, мусиқали комедия жанрининг ривожига катта ҳисса қўшган. „Олтин кўл“ (Уйғун, 1949, охирги таҳрири 1958), „Тошболта ошиқ“ (Ҳ. Ғулом, 1961), „Тошкентнинг нозанин маликаси“ (Ҳ. Муҳаммад, 1978), „Қизил дуррали нозик ниҳолим“ (Ч. Айтматов, Ҳ. Ғулом, 1978) асарлари мазкур жанрнинг баркамол намуналарига айланди. Л.нинг „Суҳайл ва Мехри“ (М. Бурҳонов, Ик. Акбаров билан ҳамкорликда, 1958), „Маҳаллада дув-дув гап“ (1961), „Ўтган кунлар (филм)“ (1969) каби кинофилмларга ёзган мусиқаси ёрқин ва оммабоп оҳанг ҳамда усуллари билан ажралиб туради. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1979). Ад.ҳ Жабборов А., Манас Левиев, Т., 1986[1].
Манбалар
Ҳаволалар
- Манас Левиевга таъзиянома, „Совет Ўзбекистони“ газетаси
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |