Manchaari
Василий Фёдоров ёки Манчаари (Басилай Манчаари, Василий Фёдорович Слободчиков, саха.: Манчаары Баһылай; 1805-йил —1870-йил 6-ноябр) — маҳаллий феодаллар зулмига қарши чиққан ёқут миллий қаҳрамони, „олижаноб қароқчи“. Таниқли оқин ва қўшиқчи, импровизация устаси. Манчаари образи рус, ёқут ва совет адабиётида қайта-қайта ёритилган.
| Манчаари | |
|---|---|
| Таваллуди |
Василий Фёдорович Слободчиков 1805 Догдонг наслеги, Мегино-Кангалас улуси |
| Вафоти |
6-ноябр 1870-йил Малжагар наслеги Нюрбин улуси |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | оқин, олонхосут, қўзғолончи |
| Турмуш ўртоғи | Мототто |
| Болалари | Савва Егоров (асранди ўғли) |
| Отаси | Битаани Фёдор Слободчиков |
| Онаси | Феодосия |
Биографияси
Василий Фйдоров Мегино-Кангалас улусининг Догдонг наслегида туғилган[1]. Ёшлигида Федоровнинг бой қариндоши В. Слободчиков — Чоочо (бошқа маълумотларга кўра Чочо[2]) уни кичик жинояти учун камситиб жазолайди. Фёдоров майдонда калтакланади, бу ёқутлар орасида обрўсидан маҳрум қилиниш билан баробар бўлган, кейин эса қамоққа ва Охоцк туз заводида оғир меҳнатга жўнатилади. Манчаари Чоочодан қасос олишга қарор қилади. Манчаари ҳақидаги қўшиқлардан бирида шундай дейилган: „Бўғимларимизнинг шираси, кўз ёшларимизни ичади, шунинг учун улар семириб кетади…“. 1830—1840-йилларда Манчаари ижтимоий адолацизликка қарши камбағалларнинг норозликларига, нўёнлардан бойликларини тортиб олиб, уларни камбағалларга тарқатишга бошчилик қилган. Маълумотларга кўра, ўз сафдошлари билан биргина 1833-йилнинг ёзида 18 марта босқин уюштирган. Ўзи ва шериклари бир неча бор чор ҳокимияти томонидан қароқчи деб ушланади, аммо Манчаари қамоқдан қочиб кетади. Манчаари бутун „қароқчилик“ ҳаётида бирорта одамни, шу жумладан ўзининг бош дилозори Чоочо амакисини ҳам ўлдирмагани ва уни кечирганлиги билан машҳур бўлган. 1847-йилда Манчаари 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинади, у деворга занжирбанд қилинган ҳолда турмада сақланган. Ўз муддати тугагач, Манчаари яна 2 йил, 1859-йиллгача занжирбанд қилинган. Шундан сўнг уни Мархин улусининг Бордон наслегига (ҳозирги Нюрбин улусининг Малжагар наслеги) жўнатишди, бу ерда тинч-тотув ҳаёт кечириб, турмуш қуради, ўз хўжалиги юритган, „Манчаари отаға“ номли ўрим-йиғим жойига эга бўлган. 1870-йил 6-ноябрда 65 ёшида вафот этади. 1928-йилда Манчаарининг Бадиай лақабли асраб олинган ўғли Савва Егоров ҳали тирик бўлган бўлиб, у ўша пайтда 70 ёшда бўлган[3]. Совет тарихшунослиги Манчаарини синфий курашчи, „бойларнинг душмани ва камбағалларнинг ҳимоячиси“ сифатида кўрсатишга мойил бўлган.
Ташқи кўриниши
Манчаарининг тириклик пайтидаги тасвирлари сақланиб қолинмаган. М. М. Герасимовнинг шогирди, совет антропологи ва ҳайкалтароши Галина Лебединская томонидан Герасимовнинг бош суягидан юзни тиклаш усулидан фойдаланган ҳолда Манчаарининг ҳайкалтарошлик портрети мавжуд.
Ижоди
Манчаари қўшиқларининг дастлабки ёзувлари 1920—1930-йилларда қилинган. Бундан олдин, улар оғзаки тарзда ёқут халқ қўшиқчилари томонидан етказилган. Ҳаммаси бўлиб 30 дан ортиқ қўшиқлар маълум бўлиб, уларнинг асосий мавзуси Ватанга муҳаббат, бахтли ҳаётга ишонч ва ижтимоий адолацизликка қарши норозиликка оиддир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, „Манчаари қўшиқлари бой анафора, аллитерация, барқарор эпитетлар, узун таққослашлар, синтактик параллелизмлар билан ёқутларнинг анъанавий халқ шеърияти шаклида яратилган“. Манчаари ҳам олонхо ижро этган, яъни у олонхосут ёки оқин бўлгани ҳақида маълумотлар сақланиб қолган. Оғзаки маълумотларга кўра, Василий Фёдоров „Кун Эрили“, „Улдиаа Боотур“, „Киис Диурая Куо“, „Бериэт Берген“, „Оно Нургун“, „Алаатиир Ала Туйгун“ каби олонхоларни ижро этган.
Хотира
Манчаари номи кўплаб ёқут адабиёт асарларида мавжуд. Манчаари номи Матвей Александров, Николай Борисовскийнинг шеърларида, Алексей Кулаковский, Владимир Короленконинг афсоналарида, Василий Никифоров, Анемподист Софроновнинг драмаларида, Софрон Данилов новелларида учрайди. Саха республикаси Миллий кутубхонаси Манчаари номи билан боғлиқ асарлар рўйхатини эълон қилиб боради. Бугунги кунга қадар Фёдоровлар ўтовидан устунлар, от боғлайдиган қозиқлар ва бошқа кундалик буюмлар сақланиб қолинган[2]. Яна унинг номи билан Манчаари ўйинлари ташкил қилинган бўлиб, бу мусобақа миллий спорт турлари бўйича Ёқутистонда 1968-йилдан бери ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади[4].
Манбалар
- ↑ Ҳозирда Мегино-Кангалас улуси
- ↑ 2,0 2,1 „Василий Федоров-Манчаары (1805—1870)“. 2011-йил 14-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2011-йил 17-апрел.
- ↑ Пестерев В. И.. История Якутии в лицах. Якутск: Бичик, 2001 — 66-бет. ИСБН 5-7696-1606-7.
- ↑ Жизни Василия Манчаари посвятили вечер в межнационалной библиотеке[сайт ишламайди] // Вечерний Екатеринбург