Мақом рақси – анъанавий рақс туркуми. Ўтмишдаги ўн икки мақом, ХВИИИ асрда шаклланган Бухоро Шашмақоми, Фарғона—Тошкент ва Хоразм мақомларининг чолғу куйлари ва хонандалар томонидан куйланадиган қисмларининг оҳанглари ва зарбларига мос ижро этиладиган рақслар „мақом рақси“ деб аталган. Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонлигида бундай рақслар асосида ўзига хос мумтоз туркумлар ҳосил бўлган. Бухоро ва Хоразмда туркум „Мақом рақси“ (ёки уфори) деб, Фарғонада „Катта ўйин“ деб аталган. Мақом рақси тараққиёти давомида тана, қўл, оёқ, бош ҳаракатларининг бутун бир тизими кашф этилган бўлиб, улар махсус мақом оҳанглари ва, айниқса, усуллари асосида ижро этилган „Уфори“ деб аталган махсус рақс усуллари бўлган. Рақс усуллари ва ҳаракатлари „ғолиб, усулчи“ деб юритилган халқ муаллимлари ва балетмейстерлари томонидан бўлғуси раққос ва раққосаларга муайян услуб асосида олиб борилувчи машғулотлар орқали қунт билан ўргатилган. Мақом рақси ХХ асрда замонавий саҳналарга чиқди. Профессионал ва халқ ансамбллари репертуаридаги „Гул ўйин“, „Танавор“, „Жозоир“, „Муножот“ сингари рақслар, қайроқ ва занглар билан ижро этиладиган ўйинлар шулар жумласидандир. Уста Олим Комилов ва Тамарахоним томонидан тартибга солинган, миллий рақс ва хореография олий мактабида ўқитилаётган „Дойра дарси“да Фарғона Мақом рақси ҳаракатлари ва усуллари жамланган.

Адабиёт

  • Авдеева Л., Ўзбек миллий рақс тарихидан, Т., 2001.

Муҳсин Қодиров.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил