Маркетинг (инглизча: маркет — „бозор“, „бозордаги ҳаракат“, „фаолият“) — корхонанинг товарлар ишлаб чиқариш ва сотишини ташкил этиш ҳамда бошқариш шакли. „Маркетинг“ атамаси истеъмолга ХИХ асрнинг 60-йилларида Макковерн томонидан киритилган. Маркетинг назарий консепсия ва тижорат фаолиятининг ўзига хос ҳодисаси тарзида ХХ аср бошларида АҚШда илк бор қўлланди. Ишлаб чиқариш ва капиталнинг юксак даражада тўпланиши, иқтисодиёт тармоқларида монополиялар ҳукмронлигининг, халқаро бозорда эса кескин рақобатнинг вужудга келиши маҳсулот сотиш муаммосини обектив тарзда биринчи ўринга чиқарди. 1908-йилда Америка Қўшма Штатларида маркетинг муаммоларини ўрганадиган биринчи ихтисослашган фирма пайдо бўлди. 1911-йилда эса ўша даврдаги бир қатор йирик компаниялар тижорат тадқиқотлари билан шуғулланадиган дастлабки бўлимларни очди. Компаниялар ҳузурида бозорни ўрганиш, реклама, харидорларга хизмат кўрсатиш ва бошқаришнинг бошқа вазифалари билан шуғулланадиган „маркетинг“ бўлимлари таъсис этила бошланди. 1931-йилда Америка маркетинг жамияти, 1937-йилда эса Америка маркетинг миллий уюшмаси тузилди. ХХ асрнинг 50—60-йилларида халқаро маркетинг федерацияси, жамоатчилик фикри ҳамда маркетинг бўйича Европа жамияти ва Европа маркетинг академияси каби халқаро маркетинг ташкилотлари тузилди. Маркетинг замонавий касблардан бири дейилади.

Бозорни билиш (истеъмолчиларни ҳар томонлама ўрганиш, уларнинг дид ва истакларини билиш), бозорга мослашиш, бозорга таъсир ўтказиш маркетингнинг асосий тамойилларидир. Шунингдек, маркетингни қўллаш билан боғлиқ масалаларни комплекс равишда ўрганиш, маҳсулот ассортиментини режалаштириш, талабни ва савдога рағбат берадиган тадбирларни шакллантириш, савдо ва тақсимот, бошқариш ва назорат қилиш маркетинг фаолиятининг мазмунини белгилайди. Мутахассислар маркетингнинг 9 та асосий вазифасини кўрсатиб ўтадилар: режалаштириш ва маҳсулотни яратиш, маҳсулотнинг нави ва стандартларини белгилаш, маҳсулот хариди ва уни гуруҳлаштириш, сотиш, омборга жойлаш, транспорт хизмати, маркетинг фаолиятини молиялаштириш, хатарлар ва бозорга оид ахборотлар тўплаш.

Ўзбекистонда 1980-йиллардан бошлаб иқтисодиёт ўқув юртларида маркетинг курслари ўқитила бошланди. Шу йиллари маркетинг масалалари билан С.Салимов, С. Фйломов, А. Бекмуродов, Ж. Жалолов, М. Қосимова, Д. Муҳитдинов, М. Насреддинова, Х. Раимов каби олимлар илмий-тадқиқот ишлари олиб боришган. 1986-йилда „Совпластитал“ қўшма корхонасида биринчи бўлиб маркетинг бўлими тузилди. Кейинчалик, „Тошкент тўқимачилик машинасозлик заводи“ аксиядорлик жамияти, „В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси“ давлат-аксиядорлик бирлашмаси, „Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги“ аксиядорлик жамияти каби корхоналарда ҳам маркетинг бўлимлари очилди.

Яна қаранг

Манбалар

Адабиётлар

  • Котлер Ф.; Основи маркетинга, Москва, 1997-йил.
  • Носиров П.; Абдуллаева Л.; Маркетинг — бозор иқтисодиёти асоси, Тошкент, 1995-йил.
  • Жалолов Ж. Ж.; Маркетинг, Тошкент, 1999-йил.
  • Ғуломов С. С; Маркетинг асослари, Тошкент, 2002-йил.