Мармар қазиб олиш

Мармар (лотинча: мармор, қадимги юнонча: μάρμαρος [мармарос] — ялтироқ тош сўзидан) — кристалли тоғ жинси. Оҳактош ёки доломитнинг тўла қайта кристалланишидан ҳосил бўлган. Минерал доначаларининг ўлчамига қараб (0,05 — 2,25 мм) майда, ўртача ва йирик доначали Мармарлар фарқ қилинади. Майда доначали Мармар сифатли ҳисобланади, чунки унда ғовак ва дарзлик кам. Мармарнинг таркиби, асосан, калсит (СаСО3)дан иборат, озроқ МгО, ҒеО, Ғе2О3. МпО, А1О2 ва А12°з бЎлади. Таркибида МгО кўп бўлган тури доломитли Мармар деб аталади. Мармарга бошқа минераллар (кварс, халседон, лимонит, хлорит, гематит, пирит ва бошқалар), шунингдек, органик бирикмаларнинг куп қўшилганлиги унинг хоссаларини (мустаҳкамлиги, ранги, зичлиги ва ҳоказо) кенг диапазонда ўзгаришига сабаб бўлади. Мармарга кварс қўшилган бўлса унинг мустаҳкамлиги ортади, бинобарин ишлов бериш ҳам қийинлашади. Қўшимчалар Мармарнинг сифатини ё оширади ёки камайтиради. Структураси бир хил бўлган Мармарлар совуққа чидамли бўлади. Қурилиш амалиётида Мармар деб сайқал бериш мумкин бўлган ўртача қаттиқликдаги метаморфик жинсга айтилади; булар — мармар, мармарлашган оҳактош, зич доломит, офикалсит, карбонатли брекчия ва кар-бонатли конгломератлар. Мармарнинг ранги (қизил, пушти, сарғиш, қўнғир, яшил, жигарранг, қора, кулранг, оқ) турли хил кимёвий ва механик аралашмаларга боғлиқ. Мармарнинг физик хоссалари: зичлиги 1900–2800 кг/м3, сиқишга мустаҳкамлик чегараси 10,0— 25,0 МПа, синишга чидамлилик чегараси 10—30 МПа, сув шимувчанлиги 0,15—0,50%, ғоваклиги 1%гача. Қаттиқлиги 3—4. Мармарнинг бир текис оқ ёки қора ранглиси жуда қадимдан хайкалтарошлиқда ишлатилиб келинади. Ўзбекистоннинг қад. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва бошқа шаҳарларидаги меъморий обидаларида Мармарнинг катта ҳарсанг тошларидан тортиб, то майда Мармар оникси пластинкаларигача ишлатилган. Тошкент шаҳридаги кўпгина театр, маъ-мурий бинолар ва метрополитен ст-яларида Ўзбекистон Мармар ишлатилган. Мармар карерларда, кам ҳолларда ер остидан қазиб олинади. Яхлит катта бўлаклар тош қирқувчи машиналар, махсус арралар ёрдамида қирқиб олинади. Мармар конлари Ўзбекистон (Ғозғон, Кўкпатос, Омонқўтон, Оғалиқ ва бошқалар), Қозоғистон, Россия Федерацияси (Карелия, Урал, Сибир), Арманистон, Италия, Греция, Куба, Франсия, Норвегия, АҚСҲ ва бошқа мамлакатларда мавжуд.

Ўзбекистонда саноат аҳамиятига эга бўлган Мармар конлари: Ғозғон (йилига 12 минг м3), Нурота (0,8 минг м3), Зарбанд (7 минг м3), Томчиота (1,4 минг м3), Кўчат (2 минг м3), Макрид (0,4 минг м3), Қахралисой (Қорақалпоғистонда) (1 минг м3) ва бошқа Мармарнинг саноат захиралари 50 млн. м3дан зиёд (2000). Мармар қазиб олувчи ва ишлов берувчи йирик корхоналар: "Ўзсаноатқурилишматериаллари" АЖ, "Қизилқумнодирметаллолтин" ва "Ўзавтойўл" давлат аксиядорлик компаниялари.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил