Matluba Muhamedova
Матлуба Муҳаммедова (1911-йил, Фарғона — 1998-йил, Тошкент) — шифокор. Шеърлари сабаб қатағонга учраган. Италия элчихонасидан бошпана сўраган деган айблов қўйилган[1]. Давлат ва сиёсат арбоби, архитектор Абдувосиқ Муҳаммедовнинг турмуш ўртоғи.
| Матлуба Муҳаммедова | |
|---|---|
| Таваллуди |
1911-йил |
| Вафоти |
1998-йил Тошкент |
| Фуқаролиги |
|
| Таълими | Тошкент тиббиёт институти |
| Касби | Шифокор |
| Фаолият йиллари | 1940-йилдан |
| Турмуш ўртоғи | Абдувосиқ Муҳаммедов |
| Отаси | Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедов |
| Онаси | Марҳаматхоним |
Таржимайи ҳоли
Матлуба Муҳаммедова 1911-йил Фарғонада туғилган. Отаси Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедов янги усулдаги мактабда муаллимлик қилган. 1926-йилгача Матлуба Муҳаммедова Қўқонда ўқиган. Кейинчалик Тошкентдаги аёллар билим юртида, ундан сўнг опаси каби Москвадаги ўзбек маориф институтига ўқишга киради. Талабалар орасида ватанпарварлик руҳидаги шеърлари туфайли машҳурликка эришади. Кейинчалик унинг шу мавзудаги шеърлари комсомол ташкилоти томонидан кўриб чиқилиб, миллатчилик сифатида баҳоланади ва ўқишдан ҳайдалади. 1927-йил Москвада „Комсомолская правда“ газетасида унга қарши мақола ҳам чиқарилади. Кўп ўтмай ўзига қўйилган айбларнинг туҳмат эканини исботлаб ариза ёзади ва ўқишга қайтиб тикланади. Аммо, бу вақтда Москвадаги ўзбек маориф институти ёпилади. Матлуба Муҳаммедова шундан сўнг мусиқа техникумига кириб, ўқишни давом эттиради. 1929-йилда Саид Аҳмад Назирий Матлубани Ленинград архитектура институти талабаси Абдувосиқ Муҳаммедов билан таништиради[2]. 1933-йилда Абдувосиқ ўқишни битириб Тошкентга қайтгач улар оила қуришади.
1938-йил 5-март куни А.Муҳаммедовга театр қурилишида катта миқдордаги давлат пулини ўмариш айби қўйилади. Суд 5-октябр куни соат 09:00 дан 09:15 гача ўтказилади ва олий жазога ҳукм қилинади. Ҳукм ўша куниёқ ижро қилиниб, Абдувосиқ Муҳаммедов отиб ташланади. 1938-йил 17-январ куни А.Муҳаммедовнинг турмуш ўртоғи Матлуба Муҳаммедова ҳам қамоққа олинади. Бу пайтда у Тошкент тиббиёт институтининг 3 босқич талабаси бўлган. 1938-йил 17-май куни Тошкент вилоят суди Матлуба Муҳаммедовани 10 йилга қамоққа ҳукм қилади. У Сибирнинг Усолский лагерида жазони ижро этади[3]. Сибир ўрмонларида дарахт кесишга мажбур қилинади.
1940-йил 26-февралда Матлуба Муҳаммедованинг аризаси қайта кўриб чиқилиб, айбсиз деб оқланади. Матлуба Муҳаммедова иккинчи жаҳон уруши йилларида Тиббиёт институтини тугатди, шифокор бўлиб ишлади. Урушдан сўнг укасини даволатиш мақсадида Наманганга кетди, чунки укасига Тошкентда яшашга рухсат берилмаган. Сталин вафот этгандан кейин яна Тошкентга қайтди[4]. Матлуба Муҳаммедова 1998-йилда Тошкентда вафот этган.
Манбалар
- ↑ Баҳром Ирзаев „Нега сен қўзғолмайсан, Миллатим?! – Шўролар мамлакатини ларзага солган опа-сингил Муҳаммедовалар“. ойина.уз. Қаралди: 26-июн 2023-йил.
- ↑ Б. Ҳасанов. Тарихнинг нома'лум саҳифалари. 7-китоб. Тошкент ислом университети 2018 — 137-бет. ИСБН 978-9943-4964-4-6.
- ↑ „Шеъри учун қатағонга учраган ўзбек қизи. Матлуба Муҳаммедованинг аянчли қисмати ҳақида“. хабардор.уз. Қаралди: 26-июн 2023-йил.
- ↑ Шерапи Турдиев „Истиқполчи аёл кисмати“. пресс.натлиб.уз (2001-йил, 15-август). 2023-йил 26-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 26-июн 2023-йил.