Мавриги, маврийги (Марв шаҳрига нисбат берилган) — Бухоро мусиқа анъаналарига хос (эркаклар) фолклор жанри. М. Бухоро амирлиги даврида Марвдан кўчиб келган эронийларнинг мусиқа ижоди сифатида шаклланиб, кейинчалик бошқа (тожик, ўзбек) миллатлар орасида ҳам оммавийлашиб кетган. Туркум шаклида ижро этиладиган қўшиқ ва куйлардан иборат. 1-қисми ("Шаад")да яккахон насиҳатомуз байтларни речитатив услубида, доиранинг "рези" жўрлигида ижро этади. Сўнгра аста тезлашиб борувчи — яккахон билан биргаликда "жўра" (нақарот айтувчи)лар ижро этаётган бир неча лирик (севги-муҳаббат мавзуидаги) ҳамда рақсбоп қўшиқ ("Сархона", "Чорзарб", "Макайлик" ва бошқалар), чолғу куй ("Гардуни Сархона" ва бошқалар), доира занг усуллари ва рақслар келади. М. туркуми авж доирасида энг шўх рақс ("Чиллиги") билан якунланади. М. ижрочиларидан бадиҳа ва рақсга мойиллик талаб этилади. ХИХ—ХХ асрларда М. ижрочиларидан Бақо Саъдуллаев, Ҳабиб Неъматов, Алиризо Қурбонов ва бошқа машҳур бўлди. Ҳозир М. жанри Бухоро фолклор-этнографик ансамбллари ("Моҳи ситора" каби) репертуаридан ўрин олган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил