Жалолобод шаҳридаги маҳси бозор

Маҳси (масси) — майин, пишиқ қўй ёки эчки терисидан тайёрланадиган пошнасиз, баланд қўнжли поябзал. Ҳозир калта қўнжли тури ҳам мавжуд. Таг чарми яланг қават ва юмшоқ бўлгани учун калиш ёки кавуш билан кийиладиган миллий оёқкийими. Маҳси мусулмон халқлари орасида қадимдан кенг тарқалган. Оёқни совуқдан асрайди, болдирни иссиқ тутади. Маҳсига ўхшаш оёқ кийимлари тасвирини Афросиёб деворий расмларида (В—ВИИИ асрларга оид) кўриш мумкин.

Тайёрланиши. Маҳси, асосан, 3 қисмдан: қўнж, бошлиқ (бетлик) ва тагчармдан иборат. Қўнж териси қалинроқ олинади, юпқа теридан тикилса, қалин, қаттиқ матодан астар тикилади. Кимга мўлжалланганлигига (жинс ва ёшига) қараб мардона (катта ёшдаги эркаклар учун), заифона (катта ёшдаги аёллар учун), бачкана (болалар учун) маҳсилар фарқланади. Терининг хилларига кўра, амиркон маҳси, бедана маҳси, гўспанди маҳси (қўй терисидан), хиром маҳси, булғори маҳси (мол терисидан) ва бошқа турлари бор. Маҳси, одатда, қора тусли бўлади, лекин Хоразмнинг баъзи туманларида аёллар тўйга қизил маҳси кийишган. Қўнжининг юқори қисмига рангли иплар билан майда машина чокларида гул тикиб безатилади. Ҳозирги кунда ҳам катта ёшдаги эркак ва аёллар, баъзи ёшлар маҳси кийишади.[1]

Маҳсилар одатда қора тусли бўлади. Лекин Хоразмнинг баъзи жойларида аёллар тўйга борганда қизил маҳси кийган. Бундай маҳсилар қизил рангдаги турли ялтироқ тошлар билан безатилган. Замона зайлига қараб уларни безатишда янгидан-янги усуллардан фойдаланмоқда. Хонликлар даврида маҳсилар олтин суви югуртирилган иплар билан зардўзи усулида безатилган бўлса, бугун миллий нақшлар туширилган турфа маҳсилар жаҳон бозорларида харидорларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Бундай юмшоқ этиклар қўнжининг юқори қисмига рангли иплар билан майда машина чокларида гул тикиб безатилади.

Афзаллиги. Маҳси табиий теридан тикилгани боис, оёқни терлатмайди, ииссиқликни яхши сақлайди, ҳаво ўтказувчанлик хусусияти катта. Юнгли маҳсилар оёқни иссиқ сақлаб, совуқ ўтмаслигини таъминлайди.

Қадимда пайпоқ бўлмагани сабабли ота-боболаримиз маҳси кийганда пайтавалардан фойдаланган. Ҳозир ҳам ёши катта отахонларимиз пайпоқдан кўра пайтавани маъқул кўради.

Пайтава тоза пахталик матодан маҳсининг баландлигига қараб, тўртбурчак шаклда кесиб олинади. Ҳар сафар маҳси кийишдан олдин пайтавалар оёқларга яхшилаб ўралади. У оёқ терлаши ва ҳаддан зиёд исиб кетишининг олдини олади. Бугунги кунда эса исталган турдаги пайпоқдан фойдаланиш мумкин. Лекин фақат пахталик ва табиий юнгли пайпоқлар кийган маъқул.

Харид жараёнида танлов. Маҳси харид қилишда, аввало, нархига эмас, сифатига ва қандай хомашёдан тикилганига аҳамият қаратиш лозим. Тоза теридан тайёрланган маҳсилар ушлаб кўрилганда юмшоқ, қўлга ёқадиган ва силлиқ бўлади. Уларни кийганда ҳам ҳеч қандай ноқулайликлар сезилмайди.

Тикилишига ҳам алоҳида аҳамият қаратиш керак. Майда чок билан бир текис, қунт билан тикилган маҳсиларнинг сифати яхши бўлади.

Маҳси оёқ ўлчамига мос келиши керак. Чунки тор поябзал оёқни сиқиб, меъёрий қон айланишини бузади. Маҳсининг таглигига ҳам оёқдан совуқ ўтишда муҳим саналади.

Узоқ муддат сақлаш сири. Одатда маҳсилар авайлаб кийилса, эгасига 8–10 йилгача беминнат хизмат қилиши мумкин.

Ёғин-сочин кунларда кийилганда маҳси бироз намиқса, уни қуритишда эҳтиёт бўлиш керак. Иссиқ батареялар устига қўйиб қуритиш мумкин эмас. Юмшоқ мато билан артиб, иссиқроқ жойга қўйиш керак. Йўқса тери тез эскириб, яроқсиз ҳолга келиши мумкин.

Маҳси таглигини ҳар икки йилда алмаштириб туриш керак. Чидамли таглиглар ҳам оёқ босими остида едирилиб, яроқсиз бўлиб қолади. Агар тагликлар вақтида алмаштирилмаса, маҳси таг чарми секин-аста ейилиб кетади.

Совуқ кунлар ортда қолиб, маҳси жавонга жойламоқчи бўлинса, у дастлаб оёқ кийимлар учун махсус кремда яхшилаб чўткаланади. Поябзалга суртилган мой 10 соат давомида сингиши керак, шундагина унинг юзасида поябзални ташқи омиллардан ҳимояловчи қобиқ ҳосил бўлади. Сўнг қуруқ, пахтали матода артиб, қоғоз ёхуд матодан тикилган халтачаларга жойлаб олиб қўйиш мумкин. Полиэтилен халтачалар ҳаво ўтказмагани боис, терига таъсир қилиб, маҳсининг чидамлилигига путур етказиши мумкин.

Маҳсиларни тозалашда вазелиндан фойдаланса ҳам бўлади. Вазелин оёқ кийимни ялтиратибгина қолмай, намдан ҳам ҳимоя қилади.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил