Maymana xonligi
Маймана хонлиги (дарийча: خانات میمنه, эски ўзбек ёзувида:میمنه خنليغى) – Шимолий Афғонистонда ўзбек[1] хонлиги, маркази Маймана шаҳри атрофида барпо этилган. У 1747-йилда Нодир Шоҳ вафотидан кейин ташкил этилган. Минглар 1621-йилдан бери Маймана ҳокими сифатида фаолият олиб боришган. Ҳожи Бий Минг хонликнинг биринчи мустақил ҳукмдори бўлган. 1814-йилда Аҳмадхон вафотидан кейин Сарипул хонликдан ажралиб чиқади. 1830-йилларда Сарипул Майманадан Гурзиван туманини ажратиб олади. Мурғобнинг аймоқ қабилалари 1845-йилга келиб Майманадан ажралиб чиқади. 1847 ва 1850-йилларда Ҳирот амирлигининг ўз ҳудудига қўшиб олишга қаратилган уринишларига қаршилик кўрсатади. 1875-йилда хонлик Афғонистон амирлигига қарши қўзғолон кўтаради, аммо у тор-мор этилади ва шаҳар талон-торож қилинади. 1892-йилда хонлик Афғонистонга қўшиб олинади[2].
Тарихи
Ёрмуҳаммадхоннинг босқинчилиги
1844-йилда Чоҳор вилояти ҳукмдорлари яна очиқ урушга киришадилар. Майманалик Мизрабхон ва Шибирғонлик Рустамхон янги Андхуй ҳукмдори Ғазанфархонга қарши ҳужум уюштирадилар. Ғазанфар тахтдан ағдарилиб, унинг амакиси Сўфихон янги ҳукмдор этиб тайинланади. Ғазанфар Бухорога қочиб, Насруллохон уни Андхуй тахтига тикласа, солиқ тўлашга рози бўлади. Насрулло бу таклифни қабул қилади ва Ғазанфарни Хулмлик Мир Валий (Бухоронинг иттифоқчиси бўлган) ҳузурига жўнатади. Мир Валий Балх ва Мозори Шариф эшонлари ёрдами билан Чаҳор вилоятига юриш қилади. Сарипулдан четланиб, Шибирғонга ҳужум уюштиради. Рустамхон Мизрабхондан ёрдам сўрайди, аммо 1845-йил бошида Мизрабхон ўз хотинидан бири томонидан заҳарланганидан сўнг вафот этади. Натижада унинг икки ўғли (Ҳукуматхон ва Шермуҳаммадхон) бир-бири билан сулҳ тузибгина қолмай, Бухоро босқинини қўллаб-қувватлайдилар. Шунинг учун Шибирғон Сарипулга қўшиб олинади ва Ғазанфархон яна Андхуй ҳукмдори этиб тайинланади. Бироқ Ғазанфар Бухорога солиқ тўлашдан бош тортади ва натижада Амир Насруллоҳ Шибирғонни қайтариб олишда ва Ғазанфархонни тахтдан ағдаришда Рустамхонни қўллаб-қувватлайди ва Сўфийхонни яна Андхуй афшорлари бошлиғи этиб тайинлайди.
Айни вақтда Ҳукуматхон ва Шермуҳаммадхон ўртасидаги сулҳ бузилади ва иккаласи Маймана устидан назорат қилиш учун курашади. Ёрмуҳаммадхон аралашиб, низони вақтинча ҳал қилади. Шермуҳаммадга Маймана устидан назорат берилади, Ҳукуматхон эса қишлоқ хўжалиги ва савдони назорат қилиб, Шермуҳаммаднинг девонбегига лавозимида фаолият юритиш юклатилади. Бундан ташқари, Ёрмуҳаммад Ҳиротга содиқ қолиш умидида иккита тожик баталонини тузишга ҳам ҳаракат қилган.
1847-йилнинг ёзида Ҳукуматхон Шермуҳаммадхонга қарши жанг қилишда Ёрмуҳаммадхондан ёрдам сўрайди, бу эса Ёрмуҳаммадга керак бўлган уруш учун баҳона бўлади. Ёрмуҳаммад 20 000 аскар билан Майманага қарши юриш қилади (уларнинг ярми ўлжага интилган аймоқ ва туркман қабилаларидан иборат эди). Қўшин Ҳирот билан Маймана чегарасига етиб боргач шаҳар талон-торож қилинади.
Тез орада улар Шермуҳаммадхон қўрғони Хайрободга юришади ва қал’а парчаланиб кетади. Шермуҳаммад аввалига қочиб кетган ва кейинчалик укаси билан ярашган. Андхуйлик Ғазанфархон ҳам Сўфийхонни ағдаришда Ёрмуҳаммадхондан ёрдам сўрайди. Сўфийхон ўлдирилади, Андхуй шафқацизларча талон-торож қилинади. Ёрмуҳаммад қишда бўлса ҳам, Ақча ва Балхга юришни давом эттириш ниятида бўлади. У тезда Ақчани эгаллаб олади, лекин Шибирғонни қўлга кирита олмайди ва Майманага чекинишга мажбур бўлади. Аҳоли ўз дарвозаларини очишдан бош тортади, шунинг учун Ҳукуматхон қўшинни пойтахтни айланиб ўтадиган йўл орқали боришга буюради. Бала Морғабга юриш ҳалокатли бўалди ва кўплаб Ҳирот аскарлари совуқ ёки очлик туфайли ҳалок бўлишади. Ёрмуҳаммадхон 1848-йил феврал ойининг охири ёки март ойининг бошларида Ҳиротга қайтиб келади.
1849-йил ноябрда Ёрмуҳаммад Ҳукуматхондан Ҳиротга солиқ тўлашни талаб қилади. Бу таклиф рад этилганда, Маймана 6000 кишилик қўшин билан қамал қилинди ва шаҳар 11 ой давомида ўраб олинади. Бироқ, Маймана қаршилик кўрсатишда давом этади ва бу Ҳиротнинг мустақил давлат сифатидаги келажагига зарар етказади.
1849 ва 1850-йилларда Баракзайлар Афғонистон Туркистонининг муҳим қисмларини ўз салтанатига қўшиб олган эдилар ва агар бутун минтақа қуласа Ҳиротга бир вақтнинг ўзида Маймана ва Қандаҳор томонидан ҳужум қилиш мумкин бўлиб қолади. Маймани қамал қилиниши ҳам Баракзайларга ёрдам беради, чунки у Маймананинг қудратли армияси минтақанинг майда давлатларига ёрдамга келмаслигига ишонч ҳосил қилади. Ниҳоят, 1850-йил сентябрда Ёрмуҳаммадхон мағлубиятга учрайди[3].
Ҳукмдорлар
Қуйида Жонатҳан Лининг китобига кўра Маймана хонлиги ҳукмдорларининг рўйхати келтирилган[4]:
- Аталиқ Ўраз Минг ибн Барутий Бий (1612-30/1653 – 56)
- Ҳожи Бийхон Минг (1731-1772)
- Жан Хон (1772-1795)
- 1795-йилда Жан Хоннинг ўрнига тўнғич ўғли қисқа вақт давомида тахтга ўтирди, аммо исм кўрсатилмаган.
- Муҳаммад Раҳимхон (1795-804)
- Оталиқ Аҳмад Қолихон (1804-1814)
- Алиёр Хон (1814-1830)
- 1830-йилда номи номаълум форс ноиби хонликни бошқарган.
- Абдулмўминхон (1830-1831)
- Мизраб Хон (1831-1845)
- Ҳукуматхон ва Шермуҳаммадхон (1845-1848)
- Ҳукуматхон (1845-1862)
- Муҳаммад Ҳусайн Хон ибн Мизрабхон (1862 – 1876-йил март)
- 1876-йил мартдан 1879-йил февралгача Маймана хонлиги Афғонистонга қўшиб олинади ва афғон ҳокимлари бошқарувга тайинланди.
- Муҳаммад Ҳусайн Хон (1879-йил феврал – май)
- 1879-йил майдан ноябргача хонлик яна Афғонистонга қўшиб олинади.
- 1879-йил ноябрдан 1880-йил февралгача Майманада тахтга икки асосий даъвогар: Дилавар Хон ва Муҳаммад Ҳусайнхон ўртасида тахт уруши бўлади. Охир-оқибат Дилавархон ғалаба қозонади.
- Дилавархон (1880-йил феврал – 1884-йил 21-май)
- Муҳаммад Ҳусайн Хон ибн Мизрабхон (1884-йил 21-май – 1888)
- 1888-йилда Сардор Ишоқхон қўзғолони туфайли Маймана Ҳирот қўл остига ўтади.
- Муҳаммад Шариф Хон (1889-1892)
Манбалар
- ↑ Ноэлле, Чристине (2012-06-25). Стате анд Трибе ин Нинетеэнтҳ-Cентурй Афгҳанистан: Тҳе Реигн оф Амир Дост Муҳаммад Кҳан (1826-1863). Роутледге. ИСБН 978-1-136-60317-4.
- ↑ Леэ, Жонатҳан Л. (1987). „Тҳе Ҳисторй оф Маимана ин Нортҳwестерн Афгҳанистан 1731-1893“. Иран. 25: 107-124. дои:10.2307/4299788. ИССН 0578-6967. ЖСТОР 4299788.
- ↑ Леэ, Жонатҳан Л.. Афгҳанистан: А Ҳисторй фром 1260 то тҳе Пресент (эн). Реактион Боокс, 2019-01-15. ИСБН 978-1-78914-010-1.
- ↑ Леэ, Жонатҳан Л.. Тҳе "Анcиэнт Супремаcй": Букҳара, Афгҳанистан анд тҳе Баттле фор Балкҳ, 1731-1901 (эн). БРИЛЛ, 1996-01-01. ИСБН 978-90-04-10399-3.