Медея — Колхида маликаси. М. исми аргонавтлар ҳақидаги юнон мифологияси билан узвий боғлиқсир. М. афсунгарликни онасидан ўрганган. Ясон бошчилигидаги аргонавтлар олтин терини олиб кетиш учун Колхидага келишганда Гера ва Афродита М. қалбида Ясонга нисбатан муҳаббат оловини ёққанлар. М.нинг мўъжизакор суртма малҳами Ясонни қудратли ва ўтда ёнмас қилади, у олов пуркаётган буқаларни ўзига бўйсундиради, улар билан катта далани ҳайдайди; М. афсун қилиб олтин терини қўриқлаётган илонни ухлатиб қўяди ва Ясон олтин терини қўлга киритади. Келишувга кўра, М.нинг хизматлари эвазига Ясон унга уйланиши ва ўзи билан Юнонистонга олиб кетиши лозим эди. Анча машаққатларни енгиб улар Юнонистонга етиб олганлар. М. Ясон билан 10 йил турмуш кечиргач, Ясон унга хиёнат қилган. Бундан ғазабланган М. унинг ёш қаллиғини ва отасини ўлдирган. Бунда у келинга қилинган совға — заҳарланган кўйлак ва тождан фойдаланган. Шу заҳоти М. Ясондан бўлган ўзининг икки фарзандини ҳам ўлдирган, ўзи эса аждарҳо қўшилган аравада Афинага, Эгей ҳузурига қочган. Мифнинг бир вариантига кўра, М. Креонт вафот этгач, Коринф под-шоси бўлган; крринфлик аёллар ёввойи ва афсунгар М.нинг ҳукмронлигидан халос бўлиш учун унинг 14 боласини Акрандаги М. паноҳ топган Гера меҳроби ёнида ўлдирганлар. Афинада.М. Эгейга ўғил фарзанд — Медни туғиб беради. Бироқ шоҳнинг ўғли Тезейни заҳарлашга ҳаракат қилгани учун у ердан ҳам ҳайдалган. М. умрининг охирги дамларини ўғли билан Колхидада ўтказган. Бу ерда у отасини қайта тахтга ўтқазган, унинг душмани — амакиси Персесни эса ўлдирган; бошқа бир ривоятга кўра, Колхида подшохлигини у ўғли Медга берган, унинг номидан улар босиб олган мамлакат Медия (Мидия) деб аталган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил