Mehr Ali
Меҳр Али | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Таваллуди | 1808 |
| Вафоти | 1868 (ёши 59–60) |
| Мирза Маҳалла, Ғарбий Миднапур, Ғарбий Бенгал | |
| Дини | Ислом |
| Ота-онаси |
|
| Мазҳаб | Суннилик |
| Мактаб | Ҳанафий |
| Келиб чиқиши | Абдулқодир Гилоний |
| Тариқат | Қодирий |
Саййид Шоҳ Меҳр Али Алқуадрий ал-Бағдодий, одатда „Саййидена Аъла Ҳузур“ номи билан танилган, Бенгалнинг машҳур авлиёларидан бири эди. У Қодирия тариқатини ривожлантириш ва тарғиб қилиш учун хонқоҳ ташкил этган. Унинг мақбараси Миднапурдаги зиёратчилар марказидир.
Туғилиши
Саййид Шоҳ Меҳр Али милодий 1808-йил/ ҳижрий 1223-йилда хонқоҳ Шарифда, Миднапур шаҳри Миа Моҳаллоҳида туғилган. Ҳозир бу жой Ғарбий Бенгалнинг Ғарбий Миднапур туманида жойлашган. У Бенгалнинг энг эъзозланган авлиёларидан бири бўлган Саййид Шоҳ Туфайл Алининг ўғли эди[1]. Унинг онаси Биби Ниамат ун Неса ҳам ўз даврининг авлиё табиатли аёли бўлган. У Абдулқодир Жилоний авлодидан экани, аждодлари эса Бағдод шаҳридан Бенгалдаги Бардҳаман туманининг олис Мангалкот шаҳрига кўчиб келгани таъкидланади.
Таълими
Болалигидан Саййидена Аъла Ҳузур риёзат ва ихлос йўлига киритилди. У вақтининг кўп қисмини илм олишга, диний маросимларни адо этишга ва руҳий машқларни бажаришга бағишлади. У серқирра заковатли, Худо ато этган истеъдод соҳиби эди. Қисқа фурсатда Қуръон тафсирлари, Муҳаммад ҳадисларининг илми, ислом ҳуқуқи асослари ва турли диний илмларда юксак маҳоратга эришди[2]. У нафақат буюк олим, балки етук сўфий шоир ҳам эди. У араб ва форс тилларини мукаммал билган. Араб тилида она тилидек равон сўзлаша олар, форс мутасаввиф шоирларининг бутун байтларини келтира оларди[3]. Диний илмларнинг турли соҳаларини пухта эгаллагач, тасаввуф ва ислом ақидалари ҳақида ваъзлар айта бошлади. Кўп ўтмай унинг шуҳрати олис-яқин ерларга ёйилди. Турли жойлардан одамлар ундан диний ва ботиний илм олиш учун катта-катта гуруҳ бўлиб келишарди. Ҳатто Арабистон ва Форсдан ҳам баъзи кишилар унинг илмини олиш ниятида ҳузурига келарди. Шундай қилиб, Саййидена Аъла Ҳузурнинг шуҳрати бутун ислом оламига тарқалган. Ҳижрий 1267-йилда у Миднапурда мадраса ташкил этди. Бу мадраса ҳозир ҳам „Суҳровардия Меҳрия Исломия Олий Мадраса“ номи билан мавжуд. Саййидена Аъла Ҳузур Миднапур шаҳрида хонақоҳ ҳам қурдирган. Ўша даврда бу хонақоҳ исломий таълимотлар марказига айланган. Муҳтожларга у ерда овқат ва тиббий ёрдам кўрсатиларди.
Саййидена Аъла Ҳузур ҳақида машҳур бир воқеа бор: бир сафар ўзини диний олим қилиб кўрсатган бир киши узоқ ўлкалардан аравага китоб ортиб унинг хонақоҳига келади. У Аъла Ҳузурга ечими мушкул бўлган кўплаб саволлар беради. Бўлиб ўтган мунозара бир неча кун-у тун давом этади. Намоз, овқат ва ҳаёт учун зарур бошқа эҳтиёжлар учун вақти-вақти билан танаффуслар қилинади. Муҳокама қилинган масалалар диний тусда бўлса-да, у киши баҳсга фалсафа, мантиқ ва бошқа фанларга оид саволларни ҳам қўшиб юборади. Аъла Ҳузурнинг бу саволларга берган жавоблари унинг илмининг нақадар теран эканини кўрсатади. Ўша киши баҳсда бутунлай енгилади ва кўп ўтмай, арзимас бир баҳона билан Аъла Ҳузур олдидан кетиб қолади.
Муроқаба
Отаси вафотидан сўнг Саййидена Аъла Ҳузур Миднапур томон йўл олди. Шаҳар четидаги, йиртқич ва зарарли ҳайвонлар яшайдиган кимсасиз ўрмон ичида у Қодир Аллоҳни чуқур муроқаба қилди. Тун қоронғусида ёлғиз ўрмон ичида унинг овози Аллоҳ номини зикр қилиш билан жарангларди. У кам еб-ухлаб, ўттиз ёшга етгунича кунларини шу тарзда ўтказди. Йиллар давомида у (ман этилган кунлардан ташқари) рўза тутиб, кечқурун асосий таоми сифатида фақат битта банан билан кифояланарди[4]. Турли руҳий машқларни бошдан кечириб, турли мақомларни камолига етказгач, у Фанофиллоҳ мақомига эришди. У ўз замонасининг қутби бўлди.
Никоҳ
У Седа Уммул Баркат Хотун Фотима Сония исмли тақводор аёлга уйланган. У Бухородан келиб Миднапур туманидаги Паярдангага жойлашган буюк авлиё Саййид Исо Ризвий авлодидан эди[5]. Уйланган, ижтимоий бурчлар билан банд бўлишига қарамай, Саййидена Аъла Ҳузур риёзат ва нафсни жиловлашга доир руҳий машқларини давом эттирди.
Авлодлари
Саййидина Аъла Ҳузурнинг уч ўғли ва икки қизи бўлган. Унинг уч ўғлининг барчаси юксак мартабали, эъзозланган авлиёлар эди. „Ҳузур Пурнур“ номи билан ҳам танилган Саййид Шоҳ Муршид Али тўнғич ўғил ва Аъла Ҳузурнинг сажжада нашини эди. У етук олим ва бетакрор сўфий шоир бўлган. Унинг девони тасаввуфга оид энг муқаддас китоблардан бири сифатида эътироф этилади[6]. Иккинчи ўғли Саййид Шоҳ Али Муршид ҳам авлиё бўлиб, унинг мақбараси Паярдангада жойлашган. Энг кичик ўғли „Қутб ул Вақт“ номи билан ҳам танилган Саййид Шоҳ Вали Муршид ўз даврининг энг улуғ авлиёлари қаторига киради. У ҳам буюк ёзувчи ва сўфий шоир эди. У кўплаб китоблар ёзган; улар ичида „Валин Муршеда“ Бенгалда Қодирия тариқатининг тарихини ёритувчи тасаввуфга оид энг ишончли китоб ҳисобланади. Қизларининг исми Саида Фатиматул Кубро ва Саида Фатиматус Соғро эди.
Саййидина Аъла Ҳузур олтмиш йил умр кўрган. У ҳижрий 1285-йил Муҳаррам ойининг 16-кунида/милодий 1868-йилда ўз хонқоҳида вафот этди. Унинг мақбараси Миднапур шаҳри, Мирза Моҳаллоҳ, Мазар Шариф кўчасида жойлашган[7].
Манбалар
- ↑ Мазакера-и-Қутб-ул-Аламин, М.Зиаур Раҳман Шаҳкупури, Колката,1310 Ҳижри
- ↑ Гулистан-и-Қуадри, Сед Маҳбуб Муршед, Колката,1946, пг 42
- ↑ Седена Гҳаусул Азам, Сед Абдус салик, Колката, пг 118,1939
- ↑ Гулистан, пг 41
- ↑ Wалин Муршеда, Сед Шаҳ Wали Муршед Алқуадри, фол 49
- ↑ Гулистан, пг. 70
- ↑ А Ҳисторй оф Қуадриа Ордер ин Wест Бенгал, (А тҳесис бй) Р.Анwар, Cалcутта Университй, пг 277