Метаболизм (юнонча: μεταβολή – метаболе – ўзгариш) – ҳужайраларда содир бўладиган ферментатив реаксиялар мажмуи. Метаболизмда органик ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган моддалар ва энергия хосил бўлади. „Метаболизм“ термини, кўпинча, моддалар ва энергия алмашинувининг ҳужайрада кечадиган босқичларини ифодалаш учун ишлатилади. Бу жиҳатдан Метаболизм тор маънода оралиқ алмашинувни, яъни моддаларнинг хужайра ичида охирги маҳсулотга айланишини ифодалайди. Озиқ моддалар ҳужайрага тушгач, бир қатор кимёвий ўзгаришларга учрайди. Бундай реаксияларнинг муайян тартибда кетма-кет рўй бериши метаболитик йўл, ҳосил бўлган оралиқ маҳсулотлар метаболитлар дейилади. Метаболизм анаболизм ва катаболизмдан иборат. Анаболизмда ҳужайралар ва тўқималар таркибига кирувчи моддалар синтезланади, ҳужайра таркиби янгиланади. Анаболитик реаксиялар, асосан, қайтарилиш реаксияларидан иборат бўлиб, улар эркин кимёвий энергия сарф бўлиши орқали боради (қаранг Қайтарилиш реаксиялари). Катаболитик реаксиялар, асосан, оксидланиш реаксияларидан иборат бўлиб, унда мураккаб моддалар бирмунча оддий молекулаларгача парчаланади ва энергия ажралиб чиқади (қаранг Оксидланиш реаксиялари). Метаболизмнинг бу икки томони ўзаро чамбарчас боғланган[1]. Ҳужайрада борадиган моддаларнинг синтезланиш жараёни биологик синтез ёки қисқача айтганда биосинтез дейилади. Барча биосинтез реаксиялари энергия ютилиши билан амалга ошади. Ҳужайрада борадиган оқсил,углевод, липид ва нуклеин кислота кабиларнинг синтезланиши пластик алмашинувга мисол бўлади. Биосинтез реаксиялари йиғиндиси пластик алмашинув ёки ассимиляция дейилади. Ферментлар ёрдамида оддий кичик молекулали моддалардан мураккаб юқори молекулали бирикмалар: аминокислоталардан оқсиллар, моносахаридлардан эса мураккаб углеводлар ҳосил болади. Азотли асослари эса нуклеотидлар ҳосил қилишда иштирок этади ва улардан нуклеин кислоталар шаклланади. Худди шу тартибда оддий ацетат кислоталардан мураккаб ёғ кислоталари ҳосил болади. Улар глицерин моддаси билан реаксияга киришиб ёғларни ва мойларни ҳосил қилади. Парчаланиш реаксияларининг йиғиндиси ҳужайрада энергия алмашинуви ёки диссимиляция дейилади.

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил