Металлография (металл ва ... графия) — металлар ва қотишмаларнинг структурасини тадқиқ қилиш усули. Металлографик, макроструктура ва микроструктура тадқиқ қилиш усуллари бор. Металлографик усулда металлар ёки металл қотишмаларнинг тузилишини (таркибий қисмларини) ўрганиш мақсадида улар махсус усулларда силлиқяанади, ялтиратилади ва кислоталар (мас, азот кислота) нинг сувдаги эритмаси билан ишқорланади. Шунда ташкилий қисмларнинг қиёфаси (релефи) намоён бўлади. Макроструктура бевосита кўз билан ёки лупа орқали кўздан кечириб ўрганилади. Бу усул унча аниқлик талаб қилмайдиган ҳолларда қўлланади. Микроструктура ни ўрганишда оптик ва электрон микроскоплардан фойдаланилади. Бу усул металлар ва қотишмаларнинг тузилишини аниқ тадқиқ қилишга имкон беради. Умуман, М. металлар ва металл қотишмаларнинг структураси билан хоссалари орасидаги боғлиқликни аниқлаш учун хизмат қилади. М. усуллари металлшунослик, металлофизика фанлари ва бошқаларда жуда қўл келади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил