Мимика (юн. – такдид) – юз мушакларининг ифодали ҳаракати. Инсоннинг маъюслик, хурсандлик, ғазаб, хафалик каби ҳиссиётларини ифодалайди. Мимика оддий кишиларда табиий тарзда рўй беради. Театр санъатида эса актёрларнинг доимий машқлари асосида юзага келади. Юзга бериладиган пардоз мимика ифодавийлигини оширади. Мимика актёрнинг нутқи билан ҳамоҳанг бўлиб, образ моҳиятини, қаҳрамонларнинг ўзаро муносабатларини очишга хизмат қилади. Пухта ўйланган ва техник жиҳатдан мукаммал мимика саҳна сўзи аҳамиятини оширади ва унинг туб маъносини чуқур англашга ёрдам беради. Айниқса, сўзсиз ўринларда, сукунатларни тўлдиришда муҳим аҳамиятга эга. Пантомимага ихтисослашган (франсуз актёри Марсел Марсо каби) актёрлар фақат тана ҳаракатлари ва мимикага таянишган.

Ўзбек анъанавий театрида мимика санъати жуда катта ютуқларга эришган. Профессионал театрда Ҳожи Сиддиқ Исломов, Миршоҳид Мироқилов, Раҳим Пирмуҳамедов, Соиб Хўжаев, Ғани Аъзамов, Наби Раҳимов; телевизион миниатюралар театрида – Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошев, Садир Зиёвуддинов, Розия Каримова; замонавий қизиқчиликда – Мирзабек Холмедов, Обид Асомов, Вали Шамшиев ва бошқа танилган.

Муҳсин Қодиров.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил