"МИНГ УЙ" (хитойча "Чянфодунг"), Могаоку — Хитойнинг Синсзян-уйғур мухтор раёнидаги тоғли ҳудудларда жойлашган будда ғор ибодатхоналари. Улар Қизил (Кучар вилояти), Турфон, Хеси йўлаги, Дунхуанда учрайди. Дунхуандаги "Минг уй" уларнинг энг йириги бўлиб унинг расмий номи — "Могаоку" ("Қумликдаги баланд будда ибодатхонаси"). Ибодатхона ҳужрачалари қоянинг ичини ўйиб ишлаш усули билан ясалган. Энг қад. ҳужра 366 йилга мансуб, жами — 492 та, уларнинг деворлари ва шипи буддавийлик сю-жетлари, тарихи ва афсоналарига оид расмларга тўла. Катта ҳужраларда ҳайкаллар ўртада, кичикларида эшик рўпарасида жойлашган, жами 2415 ҳайкал бор. Деворий расмлар ичида (158ҳужра) Марказий Осиёдан борган одамлар сурати учрайди. Ибодатхонанинг марказий ҳужрасида баландлиги 33 м келадиган Будданинг катта ҳайкали ўрнатилган. Ибодатхонада ҳужраларнинг кўплигига сабаб, буддавийликда камолотга эришган ҳар бир зот битта ҳужра қуриши лозим бўлган. Абдулаҳад Хўжаев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил