Мингтепа — кўҳна шаҳар ҳаробаси (милоддан аввалги 3 — милодий В аср). Андижон вилояти, Марҳамат тумани марказига туташиб кетган ёдгорлик. Хитой ёзма манбаларидаги Эрши шаҳри билан айнан деб тахмин этилади.

1940—50 йилларда А. Н. Бернштам, Ю. А. Заднепровский, кейинчалик (90-йилларда) Ўзбекистон ФА Археология институтининг Фарғона отряди (Б. Матбобоев) археологик текшириш ишлари олиб борган.

Мингтепа ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлиб, мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Ҳозир фақат ички шаҳарни (38 га) тўрт томондан қуршаган мудофаа девори сақланиб қолган. Мингтепадаги тепаликлар сони 52 та. Ички шаҳарнинг шимолий-ғарбий томонидаги марказий тепаликнинг маданий қатлами 10 м дан ортиқ. Энг қуйи қатлам милоддан аввалги 3—ИИ асрларга оид. Тепаликдан 5 м қалинликдаги платформа (тагкурси) устида қурилган иншоот қолдиқлари чиққан. Мутахассислар фикрича, бу тепалик шаҳар арки бўлган. Мингтепа мудофаа деворининг ҳар 38–40 м масофасида кузатув минораси ўрнатилиб, унинг узунлиги 18 м, эни 9 м, баландлиги 3–4 м га етган. Минора ўртасида шинаклар билан таъминланган хона жойлашиб, унда соқчилар яшаган. Буржларни ўзаро туташтириб турган мудофаа деворининг қалинлиги қуйи қисмида 7 м, юқорида 4 м, баландлиги 4 м га етган. Девор ва бурж, асосан, яхши пиширилган пахса ва хом ғиштлардан тикланган. Девор ташқарисида хандақлар қазилган.

Қадимда Мингтепа ўрнида бўлган Эрши шаҳрини хитойликлар бир неча марта қамал қилиб, ишғол эта олмаганлар (қаранг Эрши мудофааси).[1]

Адабиёт

  • Бернштам А. Н., Историко-археологические очерки Тян-Шана и Памиро-Алая, М.— Л., 1952; Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил