Миномёт (мина ва рус. метат — ирғитмоқ), мина ирғитқич — силлиц стволли артиллерия қуроли. Душманнинг очиқликдаги ҳамда окоп, траншеялардаги кучларини, ўт очиш воситаларини тормор қилишга мўлжалланган. Оддийлиги, енгиллиги, снаряди (минаси)нинг эгри чизиқ бўйлаб йўналиши ва бошқа хусусиятлари билан одатдаги артиллерия қуролларидан фарқ қилади. Асосий қисмлари: ствол, қўшоёқ, лафет, таянч плитаси, прицел, бошкарувчи механизм, горизонтни тўғрилаш механизми. М.дан осколкали, тутовчи, ёндирувчи ва фугас миналар отилади.

М. биринчи марта рус-япон уруши (1904—05) да рус қўшинлари томонидан қўлланган. Иккинчи жаҳон уруши (1939—45) да ҳамма армияларда ишлатилган. М.лар 81 мм дан 240 мм гача калибрли бўлади. Уларнинг снаряди 3 кг дан 130 кг гача, отиш масофаси 2,5 км дан 10 км гача, жанговар ҳолатдаги оғирлиги 36 кг дан 3600 кг гача. Реактив снаряд (мина) ларни отиш учун реактив М.лар ҳам мавжуд. Бундай М.лар Иккинчи жаҳон уруши даврида "Катюша" номи билан машҳур бўлган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил