Mir Arab
Мир Араб (асл исми Саййид Абдуллоҳ Яманий; айрим манбаларда Ҳазрат Мир Араб; Амир Абдуллоҳ Яманий; 1461, Ал-Ҳизирмавт, Яман — 1525/26, Бухоро, Бухоро хонлиги) — диний уламо. Нақшбандия тариқати тарбиячиси сифатида машҳур. Ўзбек ҳукмдори Убайдуллахоннинг пири. Мир Араб мадрасасини қурдирган.
Саййид Абдуллоҳ Яманий Темурийлар даврида 22 ёшида илм олиш мақсадида Яман мамлакатидан Мовароуннаҳрга келган. Бир неча йил ўтгандан сўнг у Самарқандда қолиб, Хожа Аҳрор Валий хизматига кирган. Шу тариқа у нақшбандия тариқати раҳнамосининг йирик издошларидан бирига айланган. Кейинчалик устозининг кўрсатмаси билан Бухорога борган ҳамда мустақил ҳолда иршод билан машғул бўлиб, халқни ҳидояга чорлаган[1][2].
Шайбонийлар ўзбек сулоласи вакили Убайдуллахон Саййид Абдуллоҳ Яманийнинг энг садоқатли муриди ва дўстларидан бўлган. Саййид Абдуллоҳ Яманий Туркистоннинг Саврон деган жойида коризлар қаздириб, сув чиқарган ва кўп жойларни обод қилган. Бухоро воҳасидаги Шофиркон, Вобкент, Ғиждувонда каналлар қаздириб, бог'лар барпо этган. Шофирконда ҳозир сақланиб қолган ариқни Убайдуллахон номига Султонхон ариг'и деб номлаган. Шофирконда Саййид Абдуллоҳ Яманий қадамжойи ҳисобланувчи Мир Араб қал'аси мавжуд[1][2].
Манбаларда Убайдуллахон жангларда киритган айрим ғалабаларининг асосий сабабчиси сифатида унинг пири кўрсатилади. Шу сабабдан ҳам Убайдуллахон қўлга киритган бой ўлжадан пирига катта туҳфалар инъом этган. Саййид Абдуллоҳ Яманий ўзидан яна маблағлар қўшиб, уларни мадраса қуришга сарфлаган ва олий ўқув даргоҳи Мир Араб мадрасаси номи билан машҳур бўлган. Баъзи муаллифлар унинг тархини Саййид Абдуллоҳ Яманийнинг ўзи чизган дейди[1][2].
Мир Араб мадрасаси битмай туриб, 1525/26-йилда Саййид Абдуллоҳ Яманий вафот этади. Уни о'з мадрасасининг бир чеккасида махсус ҳозирланган жойда дафн қилишади. Унинг қабри ҳозирга қадар Мир Араб мадрасасининг шимолий гумбази остида сақланиб қолган[1][2].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 Бухорий 2012, с. 205—206.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 Жуманазар 2017, с. 341—342.
Ҳаволалар
Адабиётлар
- Бухорий С. С.. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона, 2012 — 300-бет.
- Жуманазар А. К.. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.