Миркомил Мирмўминбоев (Миркомилбой, 1882-йил, Андижон – 1918-йил, Андижон) – ўзбек саноатчиси. Иккинчи гилдия савдогари.

Миркомилбой
Миркомил Мирмўминбоев
Таваллуди 1882-йил
Вафоти 1918-йил
Андижон
Касби Тадбиркор
Дини Ислом

Ҳаёти ва меҳнат фаолияти

Миркомил Мирмўминбоев 1882-йилда Андижонда, Мирмўминбой Мирнадирбой ўғли оиласида дунёга келган. Хусусий усулда таълим олган ва рус тилини яхши билган. Миркомил пахта етиштириш ва сотиш била шуғулланган. Туркистон ва Россиянинг турли жойларида кўчмас мулки ва хўжалиги бўлган.

„Рус-Осиё“ („Русско-Азиацкий“) банки муассисларидан бири эгаси бўлган. Микромилбойнинг Андижонда 5 та пахта заводи, бир неча шаҳарда савдо расталари, боғлари, катта ерлари бўлиб, 1911-йил ҳолатига кўра олтин пул ҳисобида 14 млн сўм маблағга тенг бўлган. Миркомилбой Туркистон ва Европа мамлакатлари ўртасида савдо муносабатига асос солганлардан бири ҳисобланади. У Германиянинг Шлоссберг, Крафт фирмалари билан савдо алоқаси ўрнатган, Берлин, Лондон, Париж ва Истанбулга бориб, маҳаллий саноатчилар билан савдо ишини йўлга қўйишга интилган.

Миркомилбой Андижон шаҳрида 30 ўқувчига мўлжалланган интернат мактаб, 100 талабага мўлжалланган мадраса, касалхона қурмоқчи бўлиб, лойиҳа тайёрлатган, бироқ чор ҳукуматининг Андижондаги вакиллари бу лойиҳаларни амалга оширишга рухсат бермаган.

Миркомилбой „Шўрои ислом“ ташкилотининг Андижон бўлимига раҳбарлик қилган (1918) ва жадидларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган. Туркистон тараққийпарварлари томонидан Петербургга 16-йил воқеаларини тафтиш қилиш учун юбориладиган комиссия аъзолари йўл ҳаражатини ўз ёнидан қоплаган[1].

Вафоти

Миркомил Мирмўминбоевнинг хазинаси, кўчмас мулклари болшевиклар томонидан тортиб олинган. Шўро ҳукумати томонидан жиноий иш очилмай, Ф.Колесов томонидан судсиз, сўроқсиз 1918-йил феврал ойида отиб ўлдирилган[2].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Аҳмад, Сирожиддин. Қизил мустамлака: э'лон қилинмаган уруш Катта қирғин қомуси (1929-1950). Тошкент: Инфо Cаптал Боокс, 2022-йил — 635-бет. ИСБН 978-9943-5789-3-7.