Мискин (тахаллуси; асл исм-шарифи Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли; 1880-йил – Тошкент – 1937-йил) – шоир.

Мискин
Таваллуди
Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли

Вафоти Тошкент
Таълими Кўкалдош мадрасаси
Касби Шоир, темирчилик, баққол, новвой

Ҳаёти

Ғуломхалил Тошмуҳаммад ўғли Мискин 1880-йилда Тошкентда туғилган. Отаси темирчилик, михчагарлик билан шуғулланган. Баландмачитдаги мактабда, сўнг Кўкалдош мадрасасида ўқиган. Темирчилик, баққоллик, новвойлик билан шуғулланган. 12 ёшидан „Мискин“ тахаллуси билан илм-маърифатни тарғиб қилиб, зулм ва зўрлик, бидъат ва хурофатни қоралаган[1]. Дастлабки шеърлари муҳаббат мавзусида бўлган. Кўп ўтмай, шеъриятига замон садолари кириб келган. Халқимизнинг миллий-ижтимоий уйғонишида катта хизмат қилган „Шуҳрат“ газетасини шеър билан қувватлаб чиққан.

Мискин шеърларида халқ оммасини асрий жаҳолатдан уйғонишига чақирган. Халққа эрк ва озодлик руҳини сингдириш, уларни ҳақ-ҳуқуқи учун курашга уйғотишда ўз ҳиссасини қўшган. Мискиннинг автобиографик шеърлари шоир ҳаётининг оғир ва мураккаб кечганини кўрсатади.

Мискин шеърларидан икки девон тузган. 200 саҳифадан кўпроқ биринчи девондан 1925-йилгача ёзилган ва чоп этилган шеърлари жой олган. Сўнгги шеърлари эса иккинчи девонда жамланган бўлиб, 160-170 саҳифани ташкил қилган. Бироқ уларнинг тақдири номаълум. 70 га яқин шеърларигина сақланган. Ушбу шеърлар шоирнинг ўз қаламига, ўз овозига эга бўлган, адабиётимиз тарихида сезиларли из қолдирган истеъдод соҳиби эканлигини кўрсатади. Шеърлари шу пайтга қадар тўпланган, ўрганилган эмас. Тошкентда Мискин номида кўча ва маҳалла бор[2]. Мискин 1937-йилда Тошкентда вафот этган[1].

Асарлари

  • Армуғони Хислат
  • Савғоти Хислат
  • Баёзи Мужалло
  • Баёзи Ҳазиний
  • Савғоти Сидқий

Адабиётлар

  • Асрлар нидоси, Т., 1982;
  • Қосимов Б., Салом, келажак, Т., 1986.

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Ҳамиджон Хомидий; Маҳмуд Ҳасаний. Машриқзамин ҳикмат бўстони. Тошкент: „Шарқ“ нашриётматбаа консерни, 1997-йил — 251-бет. 
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар